Меҳр, эътибор, саховат! Асрлар оша халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган бу эзгу фазилатлар айни кунда ҳам турмушимизнинг янада файзли, жамиятимизда ҳамжиҳатликнинг, аҳилликнинг устувор бўлишига хизмат қилмоқда. Муҳтарам Биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг "... ҳар қайси халқнинг бағрикенглиги ва олижаноблиги, керак бўлса, одамийлиги ва инсонпарварлиги нафақат ўз яқинлари, балки бегона одамлардан ўз меҳри ва ёрдамини аямаслигида яққол кўринади, синовдан ўтади”, деган сўзлари ифодасини ҳаётимизнинг ҳар лаҳзасида кўришимиз, ҳис қилишимиз мумкин.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан бир қатор жамоат ташкилотлари иштирокида жорий йилнинг 20 апрелидан 23 майигача мамлакатимиздаги эҳтиёжманд оилалар ва меҳрибонлик уйларида тарбияланган 620 жуфт келин-куёвнинг никоҳ ҳамда 3 минг 280 нафар боланинг суннат тўйи ўтказилаётгани ҳам ана шундай хайрли ишлардандир.
Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятимизда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкиллаштирилаётган бу тадбирга мувофиқ туманимизда ҳам шу йилнинг 26 апрелида "Бек” тўйхонасида 21 нафар болажонларнинг суннат тўйлари, 12 жуфт келин-куёвларнинг никоҳ тўйлари ўтказилди.
Туманда хайрия никоҳ ва суннат тўйлари ўтказилди (Фотогалерея)
Дастлаб улар туманимизнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиб, Хотира майдонидаги ёдгорлик пойига гуллар қўйдилар. Сўнгра улар «Юсуф эшон бобо» жомеъ масжидида шаръий никоҳ ўқилди.
Тўй болалар эса истироҳат боғи ва туманимизда бўлиб турган кўчма ҳайвонот боғини сайр қилишди.
Муҳташам тўйхона олдида келин-куёвларни, тўй болаларни санъаткорлар карнай-сурнай садолари остида кутиб олишди.
Тўй! Бу сўзни ҳар гал эшитганимизда кўнглимиз бир орзиқиб, қувончдан энтикиб кетади. Боиси, ҳаммамиз ҳам фарзандларимизнинг ана шу қутлуғ кунини соғиниб, тўй учун боримизни йиғиб яшаймиз. Суннат тўйини, никоҳ тўйини элга маълум қилиб, дастурхон ёзишни орзу қиламиз.
Ҳа, тўй тўла маънода орзу-ниятлар ижобати бўлганлиги боисдан ҳам қутлуғ тантана. Бироқ бу тантанага ота-онанг, яқинларинг, дўстларингдан ташқари, бутун юртинг эврилиб турса, қувончингга шерик бўлса, елиб-югуриб хизмат қилса... бу янада улкан бахт эмасми?
Тўйхонага ёр-ёр, келин-саломлар садолари остида, бежирим либосларда, кўнгилларида оламча ҳаяжон билан кириб келган 12 жуфт келин-куёвларнинг, сарполари ярашган 21 нафар болажонларнинг юзларида ана шундай масрурликнинг ифодаси акс этиб турарди.
Тўй сабабчилари ясатилган тўкин дастурхон атрофига жойлашиб олгач, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Касаба уюшмалари ташкилотлари вакиллари уларни ҳаётларидаги унутилмас кун билан самимий қутлади.
Шундан сўнг тўй болаларга велосипедлар ва эсдалик совғалари, келин-куёвларга мебеллар жамланмаси сертификати ва никоҳ узукларисовға қилинди.
Тўйболалар номига "Халқ банки”нинг туман бўлимида очилган ҳисоб рақамларининг ҳар бирига 1 миллион сўм ўтказилган омонат дафтарчалар топширилди.
Никоҳ тўйлари ўтаётган келин-куёвларнинг иш билан таъминланганлик ҳолати ўрганиб чиқилиб, ишсизлари ишга жойлаштирилгани янги бунёд этилаётган оилаларнинг моддий фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши сўзсиз.
Сўнгра туман ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан 12 жуфт келин-куёвларнинг никоҳи қонуний қайд этилиб, никоҳ гувоҳномалари топширилди.
Тадбирда иштирок этган нуронийлар, келин-куёвларнинг, тўй болаларнинг яқинлари давлатимизнинг, жамиятимизнинг эътибори, муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ёшларнинг бахтиёр ва фаровон яшаши, ҳаётда муносиб ўринларини топиши йўлида кўрсатаётган ғамхўрликлари учун миннатдорчилик билдиришди.
Таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар даврага файз киритди.
Ойгул РАЖАБОВА.