Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг бўшаб қолган ўринларига депутатлик сайловлари муқобиллик асосида, демократик тамойиллар талабларига кўра ўтказилди. 24-Оқ олтин ва 28-Дарёбўйи сайлов округларида депутатлар сайловини ўтказишга муносиб тайёргарлик кўрилиб, сайлов барча карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда бўлиб ўтди.
Хусусан, сайлов жараёнларини Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланган “COVID-19 пандемияси даврида бўшаб қолган ўринларга депутатлар сайловини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомда белгиланган тартибда ўтказиш юзасидан барча чора-тадбирлар белгиланиб, сайлов бўлиб ўтадиган барча округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари зарур ҳимоя кийимлари, тиббий ниқоблар, антисептик воситалари ва бошқа анжомлар билан тўлиқ таъминланди.
Мазкур сайловда 24-Оқ олтин сайлов округи ҳудудида 4407 нафар, 28-Дарёбўйи сайлов округи ҳудудида 4215 нафар сайловчилар рўйхати шакллантирилган бўлиб, сайлов жараёнида рўйхатга киритилган жами 8622 нафар сайловчидан 6251 нафари, яни 72,5 фоиз сайловчи овоз беришда иштирок қилдилар. Сайловчилар ўз конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариб, ўзлари муносиб деб билган номзодларга овоз бердилар.
Айтиш жоизки, сайлов қонунчилигига биноан, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчиларга муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқи белгиланган бўлиб, мазкур сайловда жами 28 нафар, яъни 24-Оқ олтин сайлов округидан 18 нафар, 28-Дарёбўйи сайлов округидан 10 нафар сайловчилар муддатидан олдин овоз бериш жараёнида иштирок қилдилар.
Сайловларнинг якуний натижаларига кўра 24-Оқ олтин сайлов округидан ЎзХДП Амударё туман Кенгаши номзоди, Республика Маънавият ва маърифат маркази Амударё тумани бўлинмаси раҳбари Йўлдошов Отабек Йўлдош ўғли, 28-Дарёбўйи сайлов округидан Ўзбекистон "Адолат" СДП Амударё туман кенгашидан номзоди, “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти Амударё тумани филиали бошлиғи Ражапов Акбаржан Сапарбаевичлар депутатликка сайландилар.
Амударё тумани ҳокимлигининг Ахборот хизмати.