Туманимизда IT-марказ ўз фаолиятини бошламоқда

Туман янгиликлари

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ёшларни маданият, санъат ва спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш пировардида ҳар томонлама етук авлодни вояга етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Аҳоли, шу жумладан, ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернет тармоғидан самарали фойдаланишни ташкил этиш учун 5 та муҳим ташаббуснинг 3-ташаббуси доирасида Республика бўйича рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилмоқда. Хусусан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан туманимизда ҳам IT-марказ ўз фаолиятини бошламоқда.

Жорий йилнинг 3 октябрь санасида мазкур IT-марказнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Ахборот технологиялари ва коммуникациларини ривожлантириш вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдашев, “Ўзбектелеком” акциядорлик жамиятининг Давлат органлари билан ўзаро муносабатлар буйича директор Мардон Бердиқличев, туман ҳокими Султонбой Йўлдошев ва бошқалар ҳамда фаол ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, ушбу марказда замонавий рақамли технологиялар, электрон тижорат, дастурлаш асослари бўйича ёшларни ўргатувчи ўқув курслари учун компьютер синфлари, ўқув зали ва PlayStation хоналари ташкил этилган бўлиб, буларнинг барчаси ёшларимизнинг билимини, ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини янада оширишга хизмат қилади.

Маълумот тариқасида айтиш жоизки, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасидаги 726 та умумтаълим мактабларининг 706 тасида 977 та компьютер синфлари мавжуд бўлиб, жами 13 946 та замонавий компьютер техникалари билан таъминланган. Шундан, 668 та компьютер синфлари интернет тармоғига уланган.

2020 йил давомида республикадаги барча шаҳар ва туманлардаги ўрта таълим мактабларида информацион технологиялари йўналишида 880 та тўгараклар ташкиллаштирилиб, тўгаракларга 13 157 нафар ўқувчилар қамраб олинган.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазириги томонидан ишлаб чиқилган тармоқ жадвалига асосан жорий йил давомида Қорақалпоғистон Респубикасининг 13 та туманида, хусусан, Амударё туманида ҳам рақамли технологиялари ўқув марказлари ташкил этилмоқда.

Айтиш жоизки, туманимизда ташкил қилинган ушбу марказ “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да нафақат ёшларимизнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашларига, балки туманимизда турли соҳаларга рақамли технологияларнинг кириб келиши, рақамли иқтисодиётнинг ривожига ҳам хизмат қилади. Марказ туманимиз ёшларининг севимли масканига айланиб, уларнинг интернетга, ахборот технологиялари ҳамда замонавий коммуникация воситаларига бўлган қизиқишларини янада оширишига ишонамиз.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.