ТУМАН МАҲАЛЛА ВА ОИЛАНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ БЎЛИМИ БИНОСИНИНГ ОЧИЛИШ МАРОСИМИ БЎЛИБ ЎТДИ

Туман янгиликлари

Жорий йилнинг 3 октябрь санасида туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳматжон Маматов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Сағиндиқ Турманов, биринчи ўринбосари Марям Аҳмедова, туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, ҳоким ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Алишер Йўлдошев, бўлим бошлиғининг биринчи ўринбосари Муқаддас Бекназарова ва бошқа масъуллар, корхона-ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этдилар.

Илгари туман Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими фаолият олиб борган мазкур бинонинг реконструкция ишлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан пудратчи ташкилот “Темир бетон” МЧЖ томонидан олиб борилган. Қурилиш-таъмирлаш ишларига жами 755 млн. сўм маблағ сарфланган бўлиб, бинода барча қулайлик ҳамда шарт-шароитлар яратилган, замонавий кўринишга келтирилган.

Очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда маҳалла ва оилани янада қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш орқали аҳолининг турмуш фаровонлигини, инсонларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги хусусида сўз юритдилар. Шунингдек, Президентимизнинг 18 февраль кунги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги вазифаларни амалга оширишда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилаётганини қайд этдилар.

Мазкур Фармон билан ташкил қилинган Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман бўлинмалари томонидан жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишига ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш, оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Амударё тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳам белгиланган вазифаларни амалга оширишда самарали фаолият юритиб келмоқда. Бўлим томонидан тумандаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини, жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, аҳоли кундалик муаммолари билан ишлаш, маҳаллаларда қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалий ишлар қилинмоқда. Ундан ташқари, ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашиш, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида ҳар томонлама манзилли ишлар ташкил этилмоқда.

Маросимда сўзга чиққанлар туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими масъулларини янги бино очилиши билан самимий табрикладилар ва келгусидаги ишларида янги зафарлар, ютуқлар, муваффақиятлар тиладилар.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.