ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАР ЎҚИТУВЧИСИ "ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ТАЪЛИМИ АЪЛОЧИСИ" КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАНДИ

Туман янгиликлари

Биз ким бўлишимиздан, неча ёшда бўл бўлишимиздан қатъий назар, ўзимизни доимо қарздордай ҳис қиладиган, кўнглимиз ардоғида яшайдиган инсонларимиз бор. Улар ота-онамиздай азиз ва мўътабар бўлган инсонлар – устозларимиздир.

Ҳар бир инсон камолотида устоз-мураббийларнинг хизматлари беқиёсдир. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда ўқитувчиларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади, моддий қўллаб-қувватланиб, мавқеи юксалтирилмоқда.

Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб, касбларнинг энг шарафлиси муаллимлик, деган сўзни кўп эшитамиз. Бироқ шуниси аниқки, муаллим ўқувчиларни ўз фарзандларидай яхши кўриб, сидқидилдан уларни саводли қилишга интилмаса, кўнглига йўл топиб, илм дунёси сари етаклай олмаса, касб шарафига эриша олмайди.

26-сонли мактабни тугатган Акбарали Шомуродов ўқитувчилар оиласида туғилиб вояга етганлиги учун машаққатлардан чўчимай ўқитувчи бўлишга аҳд қилди. Шу ниятда Нукус Давлат Педагогика институтини тугатди.

Инсон ҳаётида шундай лаҳзалар бўладики, таассуротлари бутун умрингга татийди. 2000 йилнинг 2 сентябри Акбаралининг ҳаётида ана шундай лаҳзаларни ҳадя этди. Олийгоҳни тугатиб қайтган ёш муаллим ўша куни ўзи таълим олган 26-сонли мактабда илк дарсини ўтган эди.

Акбарали орадан вақтлар ўтиб, анча тажриба тўплаган, оиласида устозлик мақомига эришиш машаққатлари ҳақида кўп насиҳатлар эшитган бўлса-да, у ҳар бир дарсига худди имтиҳонга киргандек тайёргарлик кўриб, болаларга ўргатадиган мавзуси юзасидан кенгроқ маълумотлар тўплаб киради. Эҳтимол шундандир, ўқувчилари орасида таълим берган фанига қизиқувчилар кўпайди, иқтидорли ўқувчилар билан алоҳида шуғулланиб, салоҳиятини юксалтиришга интилди. Натижада кўп ўтмай тажрибали устозлари қаторида унинг ҳам номи тилга олинадиган бўлди.

Акбарали Шомуродов 2000-2009 йилларда ўқитувчи, 2009-2011 йилларда 26-сонли мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритди. У айни кунда ҳам ўзи туғилиб ўсган маҳалласи ёшларига меҳнат-информатика фанидан дарс бермоқда.

Унинг халқ таълими соҳасига қўшаётган муносиб ҳиссаси эътиборга  олиниб, “Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу хушхабар уни, оила аъзоларинигина эмас, бутун мактаб ўқитувчилар жамоасини жуда қувонтирди. Боиси, жамоанинг кўпчилик аъзолари унга таълим берган устозлардир.

Шундай шарафга эга бўлган ўқитувчилардан яна бири 84-сонли умумий ўрта таълим мактабида психолог вазифасида ишлаётган ёш, интилувчан ва фидойи ўқитувчи Нигора Сапаровадир. У 2009 йил Нукус Давлат Педагогика институтининг педагогика-психология факультетини муваффақиятли тугатиб чиқди.

У ўзи танлаган касби бўйича меҳнат фаолиятини 2009  йилда Хўжайли туманидаги 60-сонли мактабда бошлади. 2010-2013 йилларда Хўжайли тумани Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимида психолог, 2013-2016 йилларда туманимиздаги 8-сонли ихтисослаштирилган мактабда, 2016-2019 йилларда 20-сонли мактабда психолог бўлиб ишлади. 2019 йилдан бери эса 84-сонли мактабда ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Нигора ёш бўлса-да, болалар билан ишлашишда, уларнинг кўнглига йўл топиб, сидқидилдан  таълим олишга йўналтиришда ўзига хос қобилиятга эга. Ўқувчилар орасида турли муҳим саналар шарафига тадбирлар ташкил этиб, эътиборини қозона олади, касблар ҳақида, элимизнинг  обрў-эътиборли кишилари иштирокида ташкиллаштирган суҳбатлари, одоб-ахлоқ мавзусидаги тадбирлари ўқувчиларнинг ўз келажагини тўғри танлашларига кўмак бераётир.

Интилувчан педагоглар – Акбарали Шомуродов ва Нигора Сапароваларни Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси кўкрак нишони билан тақдирланганлиги билан қизғин қутлаб, келгуси ишларида ҳам ютуқлар тилаб қоламиз.

Ойгул РАЖАБОВА.