АМУДАРЁ ТУМАНИНИ КОМПЛЕКС РИВОЖЛАНТИРИШГА АЛОҲИДА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛМОҚДА

Туман янгиликлари

Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ҳудудларни ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида белгилаб берган вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида “Агробанк” акциядорлик тижорат банки Бошқарув раиси ўринбосари Aзамат Тўраев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Амударё туманига ташриф буюрди.  

8 октябрь куни ташриф буюрган ишчи гуруҳ туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими биносида туманимиздаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари билан учрашиб, мавжуд муаммо ҳамда камчиликлар билан танишди. Учрашувда туманда камбағалликни қисқартириш, айниқса, кам таъминланган, эҳтиёжманд аҳоли қатламини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш бўйича масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда тумандаги банд бўлмаган, “Aёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида тикув машиналари берилди. Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган аёл-қизларга кредит маблағлари олишда амалий ёрдам бериладиган бўлди. Хусусан, Қипчоқ овулида яшовчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган Манзура Ўрозбоеванинг бандлигини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун “Aгро банк” туман бўлими томонидан 5 млн. сўм кредит маблағи ажратилди ҳамда янги тикув дастгоҳи берилди. Шунингдек, Бойовул маҳалласида яшовчи Шаҳло Ражабова ҳамда Дилфуза Йўлдошеваларга янги тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун кредит маблағи олишига амалий ёрдам бериладиган бўлди.

Шундан сўнг, масъуллар “Aгро банк”нинг туман бўлимидан кредит маблағи олиб, тадбиркорлик фаолиятини юритаётган Феруза Жубатированинг иш фаолияти билан танишдилар. Тадбиркор банкдан 200 млн. сўм кредит маблағи олиб, “Феруза-Гули-Мед” ультратовушли диагностика марказини очган бўлиб, ҳозирда аҳолига сифатли тиббий хизматлар кўрсатиб келмоқда.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистонга ташрифи давомида берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида туманга бириктирилган “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров ҳам 3 октябрь куни туманга ташриф буюриб, туманда текстиль соҳаси объектлари, амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар, тумандаги шароити нисбатан оғир бўлган маҳаллаларда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар билан танишди ҳамда  таклиф ва тавсиялар берди.

4-8 октябрь кунлари Актам Ҳаитов раҳбарлигида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ходимлари ҳамда “Агро банк” Бошқарув раиси ўринбосари Азамат Тўраев раҳбарлигида ишчи гуруҳлар туманни комплекс ривожлантириш бўйича ўрганиш ишларини олиб бордилар. 

Шу мақсадда бириктирилган ташкилотларнинг Қорақалпоғистон  Республикаси ҳамда тумандаги бўлимлари ходимлари иштирокида кичик ишчи гуруҳлар тузилиб, оғир ҳудудга киритилган 3 та маҳаллани ривожлантириш, туманнинг “ўсиш нуқта”ларини аниқлаш, қишлоқ хўжалиги соҳасини жадал ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.