“Амударёмахсуспудрат” МЧЖ: Амударё туманида сизот сувлари кўтарилмайди, бунинг учун барча чоралар кўрилган

Туман янгиликлари

Сўнгги йилларда мамлакатимизда деҳқончилик маданиятини ошириш, ердан фойдаланишда нафақат иқлим, балки тупроқ, ерости сувларининг, шунингдек ерусти суғориш тармоқларининг ҳолатини мукаммал ўрганиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Чунки қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ҳосил олишнинг бирдан-бир омили – экин майдонларининг нечоғлик яроқлилигига боғлиқ. Бу борада мелиорация объектларини сифатли таъмирлаш ва тиклаш ишлари муҳим аҳамиятга эга.

Жорий йилда “Амударёмахсуспудрат” масъулияти чекланган жамияти томонидан бош пудрат шартномаси асосида Амударё, Нукус ва Бўзатов туманлари ҳудудидаги бир неча коллекторларида салкам 4 млрд. сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилиб, 151 км. узунликдаги коллектор тармоқларида сизот сувлар оқими бўйлама ҳажми яхшиланди. Натижада мазкур коллекторлар жойлашган ҳудудлардаги фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида ернинг шўрланиш даражаси кескин камайиб, меъёрга келтирилди. Пахта ва бошқа деҳқончилик маҳсулотлари етиштириш ҳажми ошди. Бундан ташқари, жамият ишчи-хизматчилари томонидан 2020 йилнинг 1 октябрь ҳолатига бош пудрат шартномаси асосида туманимиздаги “К-1-7” коллектор тармоқларида реконструкция ишлари муваффақиятли амалга оширилиб, ўтган 9 ой давомида сув хўжалиги ва бошқа объектларда жами 4,3 млрд сўмлик таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, салкам 158 км. узунликдаги мелиорация шохобчаларининг зах сувларини ўтказиш қуввати оширилди.

15 октябрь куни мазкур жамият томонидан амалга оширилаётган ишлар арҳисоби ва келгусидаги режалар юзасидан кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Кўргазмали семинарни туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Файзулла Саъдуллаев очди ва “Амударёмахсуспудрат” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2020 йилнинг ўтган 9 ойи давомида  амалга оширилган кенг кўламли таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция ишларини меъёрий талаблар даражасида олиб борилгани сабабли туманимиздаги мавжуд экин майдонларининг мелиоратив ҳолати йил сайин яхшиланиб, деҳқончилик маданияти юксалиб бораётгани хусусида тўхталиб ўтди. Шундан сўнг семинар иштирокчилари жамият томонидан олиб борилаётган тупроқ-қазув ва таъмирлаш-тиклаш ишларининг сифатини кўздан кечирдилар.

Кўргазмали семинар иштирокчилари мазкур жамият томонидан 2021 йилда бажарилиши режалаштирилаётган “К-2” хўжаликлараро коллекторида амалга ошириладиган таъмирлаш-тиклаш ишларининг кўлами, умумий иш ҳажми билан ҳам танишдилар. Тумандаги “К-2” хўжаликлараро  коллектори тармоқларида кўп йиллар давомида реконструкция ва таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмаган. Натижада ҳудуддаги ер ости сизот сувларининг сатҳи 1,3-1,5 метрга кўтарилиб, ер майдонларининг шўрланиш даражаси ортган. Бу эса аҳоли томорқалари ва фермер хўжаликлари экин майдонларининг ҳосилдорлиги пасайиб кетишига олиб келган. Коллектор тармоқлари кўмилиб, қамиш ва якан билан қопланиши оқибатида сув ўтказиш қобилияти, бўйлама ҳажми пасайиб, гидротехник иншоотлар яроқсиз ҳолга келиб қолган.

Кўргазмали семинарда мазкур коллектор тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилгандан кейин ер ости сизот сувлари сатҳи 2-2,2 метрга пасайиши, ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиши, аҳоли томорқа ерлари ҳамда фермер хўжаликлари экин майдонларида ҳосилдорлик ошиши таъкидланди. Мазкур коллекторда 2021 йилнинг ноябрь ойигача 411 минг 257 кубометр ҳажмдаги тупроқ-қазув, 1 минг 55 кубометр қирқиш ишлари амалга оширилиши, жами 76 кубометр ҳажмдаги бетон ва темирбетон, 41 кубометр тош ва 76 кубометр шағал сарфланиши кўзда тутилган.

Кўргазмали семинар иштирокчилари “Амударёмахсуспудрат” масъулияти чекланган жамият мутахассислари ва ишчилари томонидан амалга оширилаётган ва режалаштирилган ишларга юқори баҳо бердилар ҳамда туманда ва Республикамизнинг бошқа туманларидаги коллектор-дренаж тармоқларини таъмирлаш-тиклаш ҳамда реконструкция қилиш ишларида фидойилик намуналарини кўрсатган мутахассислар ва ишчиларга, техникаларни бошқарувчи механизаторлар, экскаватор машинистларига ҳомийлар томонидан совғалар топширилди.

Р.Йўлдошева