УРУШ ФАХРИЙСИ НАВБАТСИЗ АВТОМАШИНА ХАРИД ҚИЛДИ

Туман янгиликлари

Президентимизнинг шу йил 4 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби туманимизда истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларига ҳам мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий автомобилларни бир марталик навбатсиз сотиб олиш ва уларга бепул техник хизмат кўрсатиш учун сертификатлар топширилган эди.

Яқинда Манғит шаҳрининг А.Навоий номли маҳалласида яшовчи Йўлдош  бобо Тожимуродов хонадонида қувончли воқеа содир бўлди. Отахон фарзандлари ва неваралари билан маслаҳатлашиб, давлатимиз томонидан берилган сертификатдан фойдаланган ҳолда ўзимизда ишлаб чиқарилган «Дамас» автомашинасини олишга қарор қилди. Махсус ҳисоб рақамига белгиланган пулларни тўлагач, бир неча кун ичида, навбат кутмасдан ушбу машинани олишга муваффақ бўлди.

Туман ҳокимлиги, тумандаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари уруш қатнашчиси Йўлдош  бобонинг хонадонида бўлишиб, отахонни янги автомашина олгани билан самимий табрикладилар.  Бундан кўнгли тоғдек кўтарилган Йўлдош  бобо тинч-осойишта, фаровон ҳаётимиз барқарор бўлишини тилаб, дуо қилди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган фахрийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётгани мамлакатимизда инсон шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият даражасига кўтарилганининг яққол исботидир.

Суратда: Иккинчи жаҳон уруши

фахрийси Йўлдош бобо Тожимуродов.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.