“Ҳорманг, фидойи ёшлар” лойиҳаси доирасида тадбир бўлиб ўтди

Туман янгиликлари

17 октябрь куни Aмударё туманидаги пахта-йиғим терим ишларига ўз ҳиссасини қўшаётган фидойи ёшларни рағбатлантириш ҳамда уларга ҳуш кайфият улашиш мақсадида “Ҳорманг, фидойи ёшлар” лойиҳаси доирасида тадбир бўлиб ўтди.

Оқ олтин овулидаги “Якубова Гавҳар” фермер хўжалиги пахта даласида ташкил қилинган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Aбатбой Данияров, Республикадаги фаол ёшлар, ёш волонтерлар, шунингдек, тумандаги фидойи ёшлар отряди аъзолари, уюшмаган ёшлар иштирок этдилар. Тадбир кўтаринки ҳамда байрамона руҳда ташкил қилинди. Лойиҳа доирасида ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳамда туманимиздаги маданият бўлимида фаолият юритаётган эстрада хонандалари, сўз усталари, ўзларининг ажойиб куй-қўшиқлари ва чиқишлари билан файз бағишлади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, туманимиздаги миришкор деҳқон ва фермерлари томонидан етиштирилган пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан қисқа муддатларда йиғиб-териб олишда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги тумани бўлими томонидан ташкил қилинган “Фидойи ёшлар отрядлари” аъзолари ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Вақтинча банд бўлмаган ёшларни мавсумий ишларга жалб қилиш мақсадида тузилган “Фидойи ёшлар отрядлари” аъзолари сони 825 нафарни ташкил қилади. Мавсум давомида мазкур отряд аъзолари кунига ўртача 100-120 кг пахта териб, юксак хирмон барпо қилишга кўмак бермоқдалар. Пахта далаларида туманимиз  миришкор деҳқон ва фермерлари томонидан отряд аъзолари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Туманимизнинг ана шундай меҳнатсевар, фидойи ёшларининг “оқ олтин” хирмонини яратишдаги хизматларини муносиб рағбатлантириш мақсадида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Aбатбой Данияров юртимиздаги ёшлар сиёсатида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида нутқ сўзлади. Сенат аъзоси ўз сўзида ватанимиз эртаси бўлган ёш авлод эгаларининг жамият ҳаётида ўз ўрнини топишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар ва улардан оқилона фойдаланиш, ёшлар бандлигини таъминлаш борасида қилинаётган ишлар, ёшларимизнинг эртанги тақдири ҳар доим давлат эътибори марказида эканлиги борасида тўхталди.

Тадбирда эстрада юлдузлари, санъат усталари, иқтидорли ёшлар тенгдошларини ўз ижод намуналаридан баҳраманд қилдилар. Ватан, дўстлик ва ёшликни тараннум қилувчи қўшиқлар, куйлар ва рақслар пахтакор ёшларга катта куч-ғайрат бағишлади.

 

 

Айтиш жоизки, жорий йил эрта баҳордан Амударё туманидаги 362 та фермер хўжаликлари томонидан 15 минг 250 гектар майдонга чигит экилди. Шундан 3 минг 350 гектарига “C 47-27” навли, 8 минг 985 гектар экни майдонига “Султон” навли, 2 минг 915 гектар майдонга янги навли чигит экилди. Меҳнатсевар пахтакорларимизнинг ўз вақтида амалга оширган агротехник тадбирлари натижасида ғўза ниҳоллари бир текис униб чиқди. Вегетация даврида барча агротехник тадбирлар сифатли олиб борилди. Жумладан, ғўза ниҳолларини яганалаш, қатор ораларига ишлов бериш, бегона ўтлардан тозалаш, суғориш ва озиқлантириш, чеканка қилиш каби тадбирлар малакали мутахассисларнинг тавсиялари ва деҳқонларимизнинг кўп йиллик тажрибалари асосида тажрибали амалга оширилди.

Йиғим-терим ишларини қисқа муддатларда амалга ошириш мақсадида чора-тадбирлар дастури  ишлаб чиқилиб, 290 та терим отрядлари ташкил қилинди. Ушбу терим отрядларига тажрибали хўжалик фаолларидан иборат отряд раҳбарлари тайинланди. Терим отрядларига эса жами  23 минг 266 нафар теримчилар жалб қилинди. Шундан 9283 нафарини фермер хўжалиги ишчилари ташкил этган бўлса, қолган 13 минг 983 нафари уюшмаган аҳоли бўлиб, улар шартнома асосида пахта теримида иштирок этдилар. Теримчилар учун барча шароитлар яратилиб, дала бошида иссиқ овқатлар ташкил қилинди. Терим пулларининг ўз вақтида, дала бошида бериб борилгани теримчиларнинг теримга бўлган иштиёқларини янада ошириб, йиғим-терим суръатининг кўтарилишига хизмат қилмоқда. Шунингдек, аҳолини мажбурий меҳнатга жалб қилмаслик бўйича назорат тадбирлари мунтазам олиб борилди.

Туманимизда теримчи ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил қилинган “Хорманг, фидойи ёшлар” лойихаси доирасидаги тадбирда фаол теримчи ёшлар Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.