Амударёлик пахтакор ва ғаллакорлар, боғбон-у деҳқонлар, пиллакор ҳамда чорвадорлар ўзларининг фидойи меҳнатлари билан қишлоқ хўжалиги тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Бу йил ҳам меҳнатсевар деҳқонларимиз эрта баҳордан чигит экиб, униб чиққан ниҳолларни астойдил парваришлаб, юқори ҳосил етиштиришга, “оқ олтин” хирмонини юксалтиришга эришдилар. Ҳамжиҳатликдаги меҳнат эвазига пахтакорларимиз бу йил ҳам республикамизда биринчилардан бўлиб пахта етиштириш режасини ортиғи билан бажардилар. Туманимиз пахтакорлари 19 октябрь куни контракция шартномаларида кўрсатилган 34 900 тоннадан зиёд пахта йиғиб-териб олиб, меҳнат ғалабасига эришдилар.
Эътиборли жиҳати, бу йил етиштирилган ҳосил тўлиғи билан туманимизда ташкил қилинган кластер корхонаси томонидан ҳарид қилиниб, шу тизимда тўлиқ қайта ишланадиган бўлди. Кластер тизими нафақат пахтачилик, шунингдек, қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларида энг самарали ва фойдали тизим бўлиб, ундан маҳсулот етиштирувчилар – деҳқон ва фермерлардан тортиб, қайта ишловчиларгача барча бирдек манфаат кўрмоқда.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида кластер тизимининг жорий қилиниши бошқа соҳаларнинг кенг тараққий этишига замин яратмоқда. Илгари ҳокимият раҳбарлари бутун диққат-эътиборини, бор куч-салоҳиятини аграр соҳага қаратган бўлса, кластер тизими жорий қилиниши билан ҳокимлар ўз вақтларининг ўндан бир қисминигина қишлоқ хўжалигига, қолган барча қисмини ижтимоий соҳа, таълим, маданият, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантиришга сарфламоқдалар. Шу орқали маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтилмоқда. Фермер ва деҳқонларимиз маҳсулот етиштиришда эркин бўлиб, улар ўзлари кутганларидек манфаат кўришмоқда, ҳокимларнинг иш услублари тубдан ўзгариб, аграр соҳада давлат аралашуви кескин камайтирилиши билан бирга режа ортидан қувиш ва мажбурий меҳнатга жалб қилиш амалиётига бутунлай чек қўйилмоқда.
Бу йил эрта баҳордан 362 та фермер хўжаликларимиз томонидан 15 минг 250 гектар майдонга чигит экилган эди. Текис униб чиққан ғўза ниҳоллари агротехника қоидалари асосида парвариш қилиниб, мўл ҳосилга замин ҳозирланди.
Пахта йиғим-терими мавсумига ҳам пухта тайёргарлик кўрилди. Шу мақсадда 290 та терим отрядлари ташкил қилиниб, уларга жами 23 минг 266 нафар теримчилар жалб қилинди. Шундан 9283 нафарини фермер хўжалиги ишчилари ташкил этган бўлса, қолган 13 минг 983 нафари уюшмаган аҳоли бўлиб, улар шартнома асосида пахта теримида иштирок этдилар. Теримчилар учун барча шароитлар яратилиб, аҳолини мажбурий меҳнатга жалб қилмаслик бўйича назорат тадбирлари мунтазам олиб борилди.
Бугунги юксак хирмонни бунёд қилишда Қиличбой, Ўртақалъа, Тошёп, Оқ олтин, Намуна каби овул ва маҳаллалардаги фермер ҳўжаликлар муносиб ҳисса қўшдилар. Жумладан, Оқ олтин овулидаги “Гавҳар Якубова”, Тошёп овулидаги “Бекмон Aллаберганов” ҳамда Дўрман овулидаги “Пирназаров Тўрабой”, Ўрта қалъа овулидаги “Эрмонов Ўрозбой” фермер хўжаликлари пахта режаларини энг олдингилар қаторида ортиғи билан бажардилар.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги меҳнат зафарига эришишда жонкуярлик кўрсатган деҳқон ва фермерларни, пудратчи ва ҳашарчиларни, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассисларини эришилган меҳнат ғалабаси билан табриклайман!
Султонбой Йўлдашев, Амударё тумани ҳокими.