Оила – мустаҳкам қўрғон. У ҳуқуқ ва виждон қонунлари асосида қурилади ва ўзининг кўп асрлик мустаҳкам, маънавий таянчларига эга бўлади. Ҳар бир оиланинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, бу борадаги билимларни мустаҳкамлаш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан 49 та маҳалладаги кутубхоналарнинг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда чоп этилган 4 та рисола етказиб берилди.
“Оила – муқаддас даргоҳ” рисоласи фуқароларнинг никоҳ ва оила муносабатларини тартибга солувчи қонун ва қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, уларга қатъий риоя қилган тақдирдагина оила мустаҳкам бўлиши хусусида маълумотлар йиғиндисидан иборат бўлиб, рисолада никоҳ ва оила масалаларига оид баъзи ҳуқуқий тушунтиришлар содда тарзда ёритиб берилган. Шунингдек, “Ворислик ҳуқуқи қонун ҳимоясида” номли кичик қўлланмада ворисларга ҳуқуқ ва мажбуриятларни тушунтириш, мерос ва мол-мулк билан боғлиқ низоларнинг келиб чиқишига барҳам бериш, инсонлар ўртасидаги қон-қариндошлик муносабатларига путур етишининг олдини олишга доир маълумотлар мавжуд.
Маҳаллалар кутубхоналарига тақдим этилган “Ерга нисбатан ҳуқуқнинг вужудга келиши ва бекор бўлиш тартиби” номли қўлланма ҳам кенг халқ оммасига мўлжалланган. Унда тадбиркорлик субъектлари, идора ва ташкилотлар ҳамда давлат органлари вакилларининг мазкур масалада ҳуқуқий билимларини ошириш орқали бу борада низолар келиб чиқишининг олдини олиш кўзда тутилган. Навбатдаги “Меҳнат ҳуқуқи қонун ҳимоясида” деб номланган қўлланма эса нафақат судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар ходимлари, адвокатлар учун, балки турли ташкилот ва муассасалар иш берувчилари ҳамда фуқароларга мўлжалланган. Унда фуқаролар учун қизиқарли бўлган саволларга атрофлича жавоб берилган ва суд амалиётида келиб чиқадиган низолар бўйича мисоллар келтирилган.
Ушбу амалий қўлланмалар ҳар бир маҳалла кутубхонасига етказилди ва туманимиздаги маҳаллалар аҳолисига қўлланмалар билан танишиб чиқиш имконияти яратилди.
Муҳтарам Президентимиз хотин-қизлар билан ёшлар аҳолининг катта қисми, ижтимоий масалаларнинг аксарияти ҳам улар билан чамбарчас боғлиқлиги, эҳтиёж ва қизиқишларидан келиб чиқиб, уларнинг дунёқарашини ўзгартириш жамиятдаги ислоҳотларга жиддий туртки беришини таъкидлаган эдилар. Ундан ташқари, ёшлар билан аёлларга жуда катта шароит яратиш бўйича миллий дастурлар қабул қилинишини, оилада аёлнинг кайфияти яхши бўлса, жамиятимизда вазият ўзгариши ҳақида ҳам айтиб ўтдилар.
Яқинда туман ҳокимлиги фаоллар залида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ни шакллантириш бўйича ўқув-семинар ўтказилди. Ўқув-семинарда маҳалла оқсоқолларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий ҳамда ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлари иштирок этишди.
Ўқув-семинарни туман ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Алишер Йўлдошев, бўлим бошлиғининг Хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Муқаддас Бекназарова ва туман ҳоким ўринбосари Рашид Салаевлар олиб боришди.
Ўқув-семинарда Хотин-қизлар ва ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этиш борасидаги “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” бўйича маҳаллаларда тузиладиган 4 та ишчи гуруҳ таркибига киритиладиган маҳалла фаоллари ва туман ҳокимлиги масъуллари томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб берилди. Уларга уйма-уй юриш орқали хотин-қизлар ва ёшлар муаммоларини ўрганиш, тегишли саволнома шаклини тўлдириш, тўпланган маълумотларни умумлаштириш учун туман штабига тақдим этиш вазифалари топширилди. Бу бўйича тегишли ҳужжатлар намуналари, саволномалар ҳудудларга етказилди.
Шунингдек, ўқув-семинарда ижтимоий аҳволи оғир бўлган хотин-қизлар ва ёшлар бўйича маълумотлар тўплаш, яшаш манзили, паспорт маълумотлари ва бошқа маълумотларни аниқ киритиш, аёллар ва ёшларнинг маълумоти, мутахассислиги, ишсизлик даражаси, оилавий аҳволи, яшаш шароити, оила аъзолари ҳақидаги маълумотларни тўлиқ қайд этиш кераклиги таъкидланди. Хотин-қизлар ва ёшларнинг даромад манбалари, экин майдони, чорва моллари, мавсумий даромади ҳақидаги маълумотларни ёзиш, оиладаги ижтимоий муҳит ёки фарзандлар тарбияси каби маълумотлар ҳам тўлиқ саволномага киритилишига эътибор бериш лозимлиги хусусида батафсил тушунчалар берилди.
Ҳар бир маҳаллада тузиладиган ишчи гуруҳ аъзолари ўзлари бириктирилган маҳалла кесимида уйма-уй юриш ва ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим, касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжи, иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар билан суҳбатлашиш орқали саволномаларни тўлдирадилар.
Хатлов ишларига жалб қилинган мутахассислар уйма-уй юриш орқали ёшлар ва аёллар билан бирма-бир мулоқот қилиб, уларнинг эҳтиёжларини, қизиқишларини аниқлайди ва бу ҳақда анкета сўровномасида қайд этиб боради.
“Ёшлар дафтари” – бу ҳар бир сектор ҳудуди кесимида истиқомат қилаётган, 18 ёшга тўлган, 30 ёшдан ошмаган ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган, шунингдек, бандлигини таъминлашга эҳтиёжи бор ишсиз ёшлар киритилади.
“Аёллар дафтари” – бу ҳар бир сектор ҳудуди кесимида истиқомат қилаётган, 30 ёшдан ошган ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган, шунингдек, бандлигини таъминлашга эҳтиёжи бор ишсиз хотин-қизлар киритилади. Сўровнома ўтказилаётган шахс қайси тоифага кириши аниқланади. Яъни, 18 ёшга тўлган, 30 ёшдан ошмаган эркаклар ва хотин-қизлар “Ёшлар дафтари”га, 30 ёшдан ошган аёллар “Аёллар дафтари”га киритиш таклифи билдирилади.
Президентимиз таъкидлаганидек, мақсадимиз аввало хотин-қизларни, шунингдек, ёшларни ҳам қўллаб-қувватлаш, хонадон бекаларининг бандлигини таъминлаш, турмуш шароитини яхшилашдан иборатдир.
Гавҳар ЧИМБОЙЧИЕВА, Маҳалла ва оилани
қўллаб-қувватлаш бўлими мутахассиси.