ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ХАЛҚИМИЗНИНГ ҲАҚИҚИЙ ҲИМОЯЧИСИГА АЙЛАНМОҚДА

Туман янгиликлари

Юртимизда тинчликнинг барқарор бўлишига эришиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш, аҳоли турмуш сифатини ошириш, барча жабҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий  мақсад фуқароларнинг эмин-эркин, бахтиёр, ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашига эришишдир. Албатта, бунда жамоат тартибини сақлаш, халқимиз хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш жуда муҳим. Чунки амалга оширилаётган жами ўзгаришлар, янгиланишлар асоси тинчлик эканлиги барчага аён.
Мамлакатимизда бугунгидек турмуш тарзи барқарор бўлишида Ички ишлар органлари ходимларининг муносиб ўрни бор. Улар глобаллашув жараёни тезкор кечаётган даврда юзага келаётган хавф-хатар ва таҳдидлар, халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси, ёшлар орасида ёт ғоялар тарқалишининг олдини олишдек ғоят долзарб ва масъулиятли вазифани шараф билан адо этмоқдалар. Юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича ўрнатилган карантин чекловларига амал қилинишини назорат қилишда, айниқса, тун-у кун фидойилик қилишаяпти.
Ана шундай эзгу мақсад йўлида меҳнат қилаётган туман Ички ишлар бўлими ходимларининг фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида уларга қулай шароитлар яратилган. Шуларнинг натижасида 2020 йилнинг ўтган 9 ойида қасддан оғир тан жароҳати етказиш, транспорт воситасини қасддан олиб қочиш, эҳтиётсизлик туфайли оғир тан жароҳати етказиш, мулкка қасддан зиён етказиш, порнографик маҳсулотларни тарқатиш каби жиноят турларига бутунлай барҳам  берилди. Шунингдек, ўртача оғир тан жароҳати етказиш жинояти 33 фоизга, ўзлаштириш ёки растрата қилиш 75 фоизга, мансаб сохтакорлиги 33 фоизга камайишига эришилди. Афсуски, умумий жиноятчилик ўтган йилнинг мос даврига солиштирилганда 17 тага ошган.
Келгусида бунингдек кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун жамоатчилик институтлари, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда жиноят содир этишга мойил шахслар аниқланиб, улар билан профилактик ишлар олиб борилиб, тўғри йўлга солишга ҳаракат қилинаяпти. Профилактика инспекторлари обрў-эътиборли инсонлар билан биргаликда нотинч оилалар, тарбиясида бўшлиқ пайдо бўлган ёшлар билан алоҳида шуғулланиб, уларни тўғри йўлга солиш чораларини кўраётир. Натижада туманимизнинг Қипчоқ, Жумуртов шаҳарча фуқаролар йиғинлари, Уйшин, Гулзор, Боғ, Юқори қишлоқ, Қиличбой, Хизир эли, Беш овул, Тош қалъа, Қорамон, Дўрман, Бўз солма, Янгиобод, Фаровон, Бўзёп, Хитой, Торёп, Бобур каби овул ва маҳаллаларида жорий йилимизнинг ўтган даврида умуман жиноятчилик содир этилмади.
Туман Ички ишлар бўлими ходимлари 274 нафар профилактик ҳисобда турувчи шахслар билан маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда 1787 маротаба профилактик тарғибот ишлари олиб борганлиги туфайли улар томонидан қайта жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
Жорий йилимизнинг ўтган 9 ойи давомида жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган 46 нафар муқаддам судланган шахслар ИИБ томонидан ҳисобга олиниб уларнинг барчасига моддий ёрдам берилди, тиббий кўрикдан ўтказилди, фуқаролик паспорти олишига кўмаклашилди ва ишга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, кўчаларда, жамоат жойларида жамиятда юриш туриш қоидаларини бузган 64 нафар фуқароларга маъмурий чоралар кўрилди, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилиб, улар томонидан безорилик, жиноятлар содир этилишининг олди олинди.
Туманимизнинг барча ҳудудида фуқаролар орасида ов қуролларини сақлаш, ов қилиш қоидалари ҳақида профилактик тарғибот ишлари олиб борилганлиги натижасида 15 нафар фуқаролар ўқ отар қуролларини ўз хоҳишларига кўра туман Ички ишлар бўлимига олиб келиб топширдилар.
Бўлим ходимлари ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан таълим  муассасаларида 649 марта, корхона-ташкилотларда 18 марта, маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида 997 марта тегишли органлар ходимлари билан ҳамкорликда профилактик тушунтириш ишларини олиб боришди.
Ички ишлар бўлимининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан жорий йилда 1926 нафар фуқароларнинг маълумотлари қабул қилиниб, 2099 нафар фуқароларга янги биометрик паспорт расмийлаштириб берилди. 861 нафар фуқарога хорижга чиқиш биометрик паспортлари берилди.
Йилнинг ўтган даврида “Паспорт виза” тадбирлари давомида 6515 объект ва 986 хонадонда паспорт режимига амал қилиниши юзасидан текширувлар ўтказилди ва 138 фуқаро паспорт тизими қоидаларини бузиб яшаб юрганлиги аниқланди. Уларга маъмурий чоралар кўрилиб, янги биометрик паспорт расмийлаштириб берилди.
Туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Улуғбек Худойберганов ўзи раҳбарлик қилаётган 3-сектор ҳудуди аҳолиси ҳолидан хабар олиб,  учрашувлар, сайёр қабуллар ўтказиб туради. Шундай тадбирларда билдирилган мурожаатларга кўра яқинда Бўзёп овулида яшовчи, 2-гуруҳ ногирони бўлган қизга тикув машинаси топширилди. Хитой ва Бўзёп овулларида истиқомат қилувчи ишсиз икки аёлга имтиёзли кредит ҳисобига замонавий тикув машиналари топширилди ва бандлиги таъминланди. Туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Улуғбек Худойберганов ва Президентнинг тумандаги Халқ қабулхонаси мудири Эркин Ражабовлардан тикув машинасини қабул қилиб олган ушбу аёлларнинг қувончи чексиз бўлди.
Муҳтарам Юртбошимиз Ички ишлар органларини халқчил тузилмага, фуқароларнинг чинакам ҳимоячисига айлантириш зарурлигини таъкидлаган эдилар. Муҳташам, улкан бинонинг замонавий ахборот коммуникацион технологиялар билан жиҳозланган хоналарида фаолият юритаётган туман Ички ишлар бўлими ходимлари зиммаларига қўйилаётган талабларга монанд фаолият юритишга интилмоқдалар. Тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашга, жамоат тартибини сақлашга эришиш йўлида бутун куч-ғайратларини сафарбар этмоқдалар.
2006 йил 6 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, 25 октябрь мамлакатимизда Ички ишлар идоралари ходимлари куни этиб белгиланган. Ҳар йили 25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Биз ҳам юрт тинчлиги ва халқ осойишталиги йўлида самарали хизмат қилаётган туман Ички ишлар бўлими ходимларини касб байрамлари билан муборакбод этамиз.

Ойгул РАЖАБОВА.