ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ 19-СЕССИЯСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ

Туман янгиликлари

Жорий йилининг 26 октябрь куни Халқ депутатлари туман Кенгашининг 19-сессияси бўлиб ўтди. Сессия мажлисида туман ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик масъул ходимлари, бўлимлар раҳбарлари, халқ таълими муассасалари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Сессия ишига туман ҳокими Султонбой Йўлдашев раислик қилди.

Сессия кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси муҳокамаси ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Сессияда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев нутқ сўзлаб, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш, ёш авлод эгаларида замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги хусусида тўхталди. Шунингдек, тизимни янгидан ислоҳ қилиш, мамлакатимизда таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини такомиллаштириш, жамиятимизда ўқитувчи ва педагог ходимлар, илмий ва ижодкор зиёлиларга бўлган ҳурмат-эътиборни янада ошириш, таълим олувчиларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш, тизимда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинганлигини қайд этди.

Кун тартибидаги масала юзасидан туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Маҳмуд Шерметовнинг ахбороти тингланди.

Ахборотда таъкидланганидек, ушбу Фармон лойиҳаси Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилгани билан аҳамиятлидир. Хусусан, Фармон лойиҳаси билан 2021 йил 1 майдан бошлаб ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган умумтаълим муассасалари педагогларига тўғридан-тўғри олий малака тоифаси берилиши, умумтаълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари педагогларига 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб синф раҳбарлари учун тўловлар 1,5 баробарга оширилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Фармон лойиҳасида кўрсатилганидек, 2024-2025 ўқув йилига қадар фаолияти давомида юқори натижаларга эришган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари педагогларининг ойлик маоши меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараваригача босқичма-босқич оширилиб борилиши эса ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш имконини беради ҳамда уларни ўз устида янада кўпроқ ишлашга ундайди.

Сессия мажлисида кун тартибига қўйилган масала юзасидан халқ таълими муассасалари раҳбарлари, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларининг фикр-мулоҳазалари, таклифлари тингланди. Сўзга чиққанлар таъкидлаганларидек, ушбу қарор лойиҳаси таълим жараёни иштирокчилари бўлган таълим берувчи ҳамда таълим олувчига бирдек юксак масъулият юклаши билан бирга, кўплаб янги имконият ва шароитлар яратади. Хусусан, фармон лойиҳасида 2022−2023 ўқув йилидан бошлаб, умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг шаҳодатномаси, диплом иловасидаги мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳоларининг ўртача кўрсаткичи киритилиб, ушбу кўрсаткич олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида инобатга олиниши таъкидланган. Қолаверса, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб, ҳудудий халқ таълими бўлинмалари методистларининг иш ҳақи миқдори олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилиши кўрсатилган.

Шу билан бирга ўқувчиларининг 95 фоизи ва ундан ортиқ қисми олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган ва ишга жойлашган директорларга – 12 баравар, директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарларига – 6 баравар ҳамда ўқувчиларининг 85–89 фоиз қисми олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган ва ишга жойлашган директорларга – 6 баравар, директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарларига – 3 баравар миқдорида меҳнатига хақ тўланиши белгиланган.

Сессия мажлиси якунида туман Кенгаши депутатлари ўзлари сайланган сайлов округларида мактаб раҳбарлари, ўқитувчилар ҳамда маҳалла фаоллари билан биргаликда Президент Фармони лойиҳасининг мазмун-моҳияти бўйича тушунтириш ишлари олиб боришлари, аҳолининг фикрларини умумлаштириб туман Кенгашига таклифлар беришлари лозимлиги қайд этилди.

Сессия кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.