КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРГАРЛИК БЎЙИЧА ТАДБИРЛАР ЎТКАЗИЛМОҚДА

Туман янгиликлари

Президентимизнинг “Республика иқтисодиёти тармоқларини 2020-2021 йил куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан қатор амалий ишлар қилинмоқда. Амударё туманида ҳам иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа масканларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш, иш ва яшаш жойларида ёнғин хавфсизлигини самарали ташкил этишга қаратилган кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Айни пайтгача туман ҳудудидаги 33 минг 200 та уй-жойларнинг ёнғинга қарши ҳолати ўрганиб чиқилди. Улардаги иситиш ва ёритиш манбаларининг ёнғинга қарши ва техник ҳолатлари текширилиб, мавжуд камчиликлар бартараф этилди. Текширувлар давомида фуқароларга ис газидан заҳарланиш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш ҳамда йўриқномалар бериш билан бирга мамлакатимиз ҳудудида ис газидан заҳарланиш оқибатида содир бўлаётган кўнгилсиз ҳодисалар ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилиб, фуқароларнинг бу борадаги сергаклигини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Тадбирларда овул ва маҳаллалар масъуллари, фаоллари иштирок этишмоқда. Шу билан бирга газ ва электр таъминоти идоралари вакиллари ҳам барча тадбирларга жалб этилиб, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари билан ҳамкорликда турар жойлардаги ёнғинга олиб келувчи ҳолатлар бартараф этиб борилмоқда.

Октябрь ойининг сўнгги ўн кунлигида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида идора ва ташкилотлар, аҳоли томонидан табиий газ ва электр ускуналаридан фойдаланиш ҳажми анча ошди. Шу боис, туман Ёнғинга қарши курашиш жамияти, электр тармоқлари узатиш корхонаси ҳамда газ таъминоти хизмати идораси  ходимлари билан ҳамкорликда овул ва маҳаллаларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатлари ўрганиб чиқилди ҳамда аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидалари, ис газидан ҳимояланиш юзасидан тушунтиришлар олиб борилди.

Манғит шаҳрининг  Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли уйлар, ҳовли-жойларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги кўздан кечирилганда аҳоли томонидан жиддий камчиликларга йўл қўйилаётгани маълум бўлди. Хусусан, табиий газ тармоғидан нотўғри фойдаланиш, дудбуронларни тозаламасдан иситиш тармоғига уланиш каби ҳолатлар кузатилди. Бу каби ҳолатлар ис газидан заҳарланиш ва ёнғин хавфини келтириб чиқариши ҳақида табиий газдан фойдаланувчи истеъмолчиларга батафсил тушунтирилди.

Текширувлар жараёнида Янгиобод маҳалласи ҳудудида истиқомат қилувчи айрим фуқароларнинг хонадонларидаги дудбуронлар куз-қиш мавсумига тайёр эмаслиги аниқланди. Ушбу хонадонларга тегишли дудбуронлар ёнғинга қарши курашиш жамияти ишчилари томонидан махсус тозалаш ускуналари ёрдамида  тозалаб берилди.

Айни кунларда туман Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан туман Ёнғинга қарши курашиш жамияти, табиий газ ва электр таъминоти идоралари вакиллари ҳамда овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари масъуллари билан ҳамкорликда аҳолига ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ис  газидан заҳарланишнинг олдини олиш, шу билан бирга электр ускуналари, асосан электр печларидан фойдаланишда техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш нафақат тегишли соҳа ходимлари, балки кенг аҳоли қатламининг ҳам вазифаси эканлиги хусусида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Робия ЙЎЛДОШЕВА.