ЙЎЛ-ТРАНСПОРТ ҲОДИСАСИНИНГ САБАБ ҲАМДА ОҚИБАТЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Туман янгиликлари

25 октябрь куни Тўлқин овулида йўл-транспорт ҳодисаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йўл-транспорт ҳодисасининг сабаб ва оқибатлари муҳокамасига бағишланган йиғилишда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Улуғбек Худайберганов, туман прокурори ўринбосари Раҳмон Санкибоев, Ички ишлар бўлимининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи Дилшод Aминов ҳамда фуқаролар йиғини раиси, ўринбосарлари, кўча бошчилари, ҳудудда яшовчи аҳоли вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилишда жорий йилнинг 24 октябрь куни содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси муҳокама қилинди. Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси 24 октябрь куни Чойкўл овулида яшовчи фуқаро томонидан ўзининг номида бўлмаган автомашинани ишончнома орқали бошқариб бораётганида бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги ариққа тушиб кетиб ағдарилганлиги оқибатида содир бўлгани маълум қилинди. Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ушбу автомашина ичида бўлган 6 нафар шахс, шулардан 3 нафари вояга етмаганлар, турли хилдаги оғир тан жароҳатларини олиб, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохонага келтирилган. Шифохонада улардан бир нафари ҳушига келмасдан вафот этган, 2 нафарининг аҳволи оғир даражада дея ташхис қўйилган.

Туман ҳокими Султонбой Йўлдашев ушбу оғир оқибатли ҳодиса юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирар экан, бу каби аянчли ҳодисалар фуқароларимизнинг эътиборсизликлари натижасида келиб чиқаётганлигини, автотранспорт ҳодисалари содир этилишининг сабабларини чуқур таҳлил қилиш ва уларни бартараф қилиш лозимлигини, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича профилактик чораларни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Чиндан ҳам, белгиланган тезликни ошириб юбориш, маст ҳолда автомашина бошқариш, техника хавфсизлигига риоя қилмаслик каби бепарволиклар натижасида рўй берадиган ҳодисалар ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳисобланади.

Йиғилишда Ички ишлар бўлимининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи Дилшод Aминов ушбу жиноятнинг содир этилиш сабаблари, уни келтириб чиқарувчи омиллар ва оқибатлари ҳақида тўхталиб ўтди. У ўз сўзида ҳозирги вақтда рухсат этилмаган тўй сайлларига чиқиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилган ҳолда автоуловни бошқариш, айниқса, ёшларнинг тегишли ҳужжатларсиз, йўл-ҳаракати қоидаларини мукаммал ўрганмасдан транспорт воситасини бошқараётганликлари сабабли аянчли автоҳалокатлар рўй бераётгани, оқибатда кўплаб инсонлар ҳаётдан кўз юмаётганини ачиниш билан таъкидлади.

Масъуллар туманимиз ҳудудида йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар мотоцикль ҳайдовчилари томонидан ҳам содир этилаётгани, аксарият ҳолларда велосипед ҳайдовчилари йўл-транспорт ҳодисалари жабрланувчилари бўлиб қолаётганини ҳам таъкидлашди. Бунга асосан кечки пайтда ҳаракатланаётган велосипедларда нур қайтарувчи мосламалар ўрнатилмаганлиги, автоулов ҳайдовчилари уларни кўрмай қолаётганликлари сабаб бўлаётгани айтиб ўтилди. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари, профилактика инспекторлари ва бошқа ходимлар ҳамкорликда профилактик тарғибот ишларини янада кучайтиришлари зарурлиги тўғрисида сўз юритилди.

 Шу билан бирга ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари, айниқса, узоқ масофага қатновчи, йўловчи ташиш билан шуғулланувчи автомобиллар ҳаракатини назорат қилиш бўйича кучайтирилган тартибда рейдлар ташкил этилиши, ҳайдовчиларга ҳушёрликни ошириш, чарчоқ сезилганда автомобилни бошқармаслик бўйича тегишли тавсиялар берилиши лозимлиги ҳам алоҳида эътироф этилди.

Йиғилишда иштирок этганлар содир этилган автоҳалокатнинг ачинарли оқибатлари хусусида хулосалар чиқардилар. Aҳоли вакиллари томонидан берилган саволларга тўлиқ, ҳаётий мисоллар билан жавоблар берилди.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.