Президентимиз томонидан 2020 йил 30 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳаммамиз учун бирдек муҳим бўлган – таълим масаласи алоҳида эътиборда бўлди.
Бу бежизга эмас, албатта, зотан таълим тизимини ислоҳ қилмай туриб, миллий таълим стандартларини жаҳон стандартларига мос ва яқин қилмай туриб, миллат келажаги ҳақида гапириб ўтириш бефойда. Буни 20-асрда қолоқ давлатлар қаторидан ривожланган давлатлар қаторига қўшилган кўпгина Осий давлатлари мисолида кўришимиз мумкин.
Шу ўринда Президентимиз томонидан 2020 йил 23 сентябрда имзоланган “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири ҳақида қисқача тўхталсак. Қонун 11 боб, 75 моддадан иборат бўлиб, эски таҳриридан фарқли ўлароқ давлат аккредитацияси, таълим кампуси ва бошқа шу каби янги тушунчалар билан тўлдирилди. Қонун билан таълим соҳасидаги асосий принциплар белгилаб олиндики, бу принциплар шубҳасиз мамлакат таълим тизимининг сифат ва даража жиҳатдан янги босқичга чиққанлигини кўрсатади. Жумладан, қонунда қуйидаги асосий принциплар келтирилган:
таълим устуворлигининг тан олиниши;
таълим олиш шаклини танлаш эркинлиги;
таълим соҳасида камситишларга йўл қўйилмаслиги;
таълим олишга доир тенг имкониятларнинг таъминланиши;
таълим ва тарбияга миллий ҳамда умуминсоний қадриятларнинг сингдирилганлиги;
таълим ва тарбиянинг инсонпарварлик, демократик хусусияти;
таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги;
ўн бир йиллик таълимнинг ҳамда олти ёшдан етти ёшгача бўлган болаларни бир йил давомида умумий ўрта таълимга тайёрлашнинг мажбурийлиги;
давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талаблари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги;
ўқув дастурларини танлашга доир ёндашувнинг ягоналиги ва табақалаштирилганлиги;
инсоннинг бутун ҳаёти давомида таълим олиши;
жамиятда педагогларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг кафолатланганлиги;
таълим тизимининг дунёвий хусусиятга эгалиги;
билимлилик, қобилиятлилик ва истеъдоднинг рағбатлантирилиши;
таълим тизимида давлат ва жамоат бошқарувининг уйғунлиги;
таълим фаолияти соҳасидаги очиқлик ва шаффофлик кабилар ўрин олди.
Қонунга кўра эндиликда таълим олиш ҳуқуқи: таълим ташкилотларини ривожлантириш, таълим ташкилотларида инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ўқув дастурларини инновацион технологияларни қўллаган ҳолда амалга ошириш, ишлаб чиқаришдан ажралган (кундузги) ва ажралмаган ҳолда (сиртқи, кечки, масофавий) таълим олишни ташкил этиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, умумий ўрта, ўрта махсус таълимни ва бошланғич профессионал таълимни бепул олиш, оилада ёки мустақил ўқиш орқали таълим олган фуқароларга, шунингдек, умумий ўрта таълим олмаган шахсларга аккредитациядан ўтган давлат таълим муассасаларида экстернат тартибида аттестациядан ўтиш ҳуқуқини бериш орқали таъминланади.
Шунингдек, қонун чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқларини белгилаб ўтган. Масалан, Қонунга кўра, чет эллик фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида таълим олишга ҳақлидир. Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар таълим олиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эга.
Янги қонунга кўра таълим турлари қуйидагилардан иборат:
мактабгача таълим ва тарбия;
умумий ўрта ва ўрта махсус таълим;
профессионал таълим;
олий таълим;
олий таълимдан кейинги таълим;
кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
мактабдан ташқари таълим.
Қонуннинг яна бир эътиборга молик жиҳати бу таълим олиш шаклларининг замон талабларига мослаштирилганидир. Масалан, Қонуннинг 15-моддасига биноан таълим олиш шакллари қуйидагилардан иборат:
ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олиш (кундузги);
ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш (сиртқи, кечки, масофавий);
дуал таълим;
оилада таълим олиш ва мустақил таълим олиш;
катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш;
инклюзив таълим;
экстернат тартибидаги таълим;
мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида кадрлар тайёрлаш.
Янги қонунда таълим ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги ҳам эътибор берилгани ҳам бежиз эмас албатта. Сабаби замонавий таълим деганда фақат замонавий таълим биносини эмас, балки унинг рейтинг кўрсаткичлари, салоҳияти, таълим олувчиларнинг ижтимоий ҳимояси ва бошқарув борасидаги имкониятлари ҳам тушунилади. Шунга кўра, эндиликда таълим ташкилотлари расмий веб-сайтларида қуйидагиларни жойлаштиради:
таълим ташкилотининг устави;
таълим бериш тиллари ҳақида маълумот;
давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари;
таълим фаолиятининг моддий-техника таъминоти ҳақида маълумот;
лицензия (нодавлат таълим ташкилотлари учун);
таълим ташкилотининг рейтинги;
таълим фаолиятини амалга ошириш учун давлат аккредитацияси тўғрисидаги сертификат;
илмий тадқиқотлар йўналишлари ва натижалари, шунингдек уларни амалга ошириш учун илмий-тадқиқот базаси тўғрисидаги маълумот (олий таълим учун);
таълим олувчиларга стипендиялар бериш тартиби, уларга ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг мавжудлиги ва шартлари тўғрисидаги маълумот;
вақтинча яшаш жойларининг мавжудлиги ва яшаш жойларининг сони, шунингдек тўлов миқдори тўғрисидаги маълумот;
педагоглар ва таълим олувчиларнинг сони, шунингдек педагогларнинг илмий салоҳияти тўғрисидаги маълумот.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, қабул қилинган янги қонун замон талаблари ва халқаро тажрибани ҳамда миллий анъаналаримиз ва тарихий тажрибамизни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган бўлиб, қонун таълим соҳасидаги бугунги куннинг кўпгина саволларига жавоб топиб бера олади.
М.Матюсупов, туман Адлия бўлими бошлиғи.