КУЗ-ҚИШ МАВСУМИДА ИСТЕЪМОЛЧИЛАРГА УЗЛУКСИЗ ТАБИИЙ ВА СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ЧОРАЛАРИ КЎРИЛДИ

Туман янгиликлари

Табиий газсиз бугунги кунда  турмушимизни тасаввур қилишимиз қийин. Яшаш хонадонларимизни иситишдан тортиб, кун давомида овқат, чой тайёрлашдаги аҳамиятини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Шу боисдан ҳам “Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” филиалининг “Амударётумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонларини табиий ва суюлтирилган газ билан бир маромда ва узлуксиз таъминлаш учун пухта тайёргарликлар олиб борилди.

“Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” филиали “Амударётумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан туманимиз бўйича 13466 хонадон табиий газ билан таъминланиб келинаётир.

Ҳозирги кунда туманимиздаги мавжуд жами 39 минг 574 хонадоннинг 13 минг 466 таси табиий, 26 минг 108 таси эса суюлтирилган газ билан таъминланмоқда.

2020-2021 куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида филиалнинг “Авария тиклаш” хизмати тун-у кун фаолият юритмоқда.

Табиий газ таъминотида узилишлар бўлмаслиги учун режага мувофиқ жами 230 дона газ тақсимлаш қурилмаларининг барчаси тафтиш қилинди. Газ тақсимлаш қурилмаларини мукаммал таъмирлаш, газ қувурларини босим остида зичликка синаш, ер ости  газ қувурларининг ҳолатини прибор усули билан текшириш режалари тўла адо этилди, газ қувурларини бўяш ишлари 178 фоизга бажарилди.

Шунингдек, Манғит шаҳрининг Гурлан кўчасидаги ўрта босимли 1,2 км., Фаровон ва Олмазор маҳаллалари ҳудудларидаги юқори босимли 1,6 км., Қипчоқ кўчасидаги ўрта босимли 1,2 км. газ тармоқлари таъмирланиб, бўялди.

Шу кунгача 504 хонадонга янги электрон газ ҳисоблагич ўрнатилди.

Туманимизнинг табиий газ етмаслиги туфайли суюлтирилган газдан фойдаланаётган 12 786 та ва табиий газ тармоғи тортилмаган 13 747 та хонадонларига суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Холимбег сервис маркази, Куюк кўпир, Қипчоқ, Оқ олтин, Қангли, Бўзёп, Дўрман овулларидаги шохобчалар, филиал марказий омборхонаси аҳолини узлуксиз суюлтирилган газ билан таъминлаётир.

Мазкур шохобчаларга узоқ бўлган ҳудудлар – Тошқалъа, Юқори қишлоқ, Бешовул, Хизр эли, Чойкўл, Жумуртов, Қорамон, Тўлқин, Босув, Ўрта қалъа, Арна бўйи, Амир Темур номли, Назархон каби овул ва маҳаллалар аҳолисига эса махсус автомашиналарда суюлтирилган газ баллонлари етказилмоқда.

Аҳолига шу йилнинг 13 октябрь ҳолатига 2775 тоннадан зиёд суюлтирилган газ етказиб берилди. Жорий йил учун белгиланган лимит эса 3748,59 тоннадир. Ҳозирги кунда аҳолига жами ижарага тарқатилаётган 27 минг 53 дона маиший газ баллонларининг 595 таси жорий йилда янгидан олиниб, фойдаланишга берилмоқда.

Амалга оширилган бунингдек кенг кўламли ишлар натижасида яқинлашиб келаётган куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга узлуксиз табиий ва суюлтирилган газ етказиб берилиши таъминланади.

 

Жасур ЕРМЕТОВ, “Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” филиали “Амударётумангаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи.

Қ.МАТИРЗАЕВ, Суюлтирилган газ билан таъминлаш бўйича етакчи мутахассиси.