ЗУЛФИЯ НОМИДАГИ ДАВЛАТ МУКОФОТИГА НОМЗОДЛАРНИ САРАЛАШ БЎЙИЧА ТУМАН БОСҚИЧИ ЎТКАЗИЛДИ

Туман янгиликлари

Зулфия номидаги Давлат мукофотининг  таъсис этилиши мамлакатимиз ёшлари ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Бу мукофот иқтидорли қизларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, орзу-интилишларини амалга ошириш ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлишини таъминлашда ўта муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда ушбу мукофот учун ўтказиладиган танловни янада такомиллаштириш, мукофотни энг муносибларга топшириш ва қизларимизнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом, баркамол бўлиб вояга етишини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар йилдан-йилга такомиллашиб, сифат жиҳатидан  янги босқичга кўтарилмоқда. Туманимизда ҳам ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган “Зулфияхоним қизлари” кўрик-танловини очиқлик ва шаффофлик тамойилларига мувофиқ, мазкур танлов Низоми талаблари асосида олиб борилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 


Туман ҳокимлиги, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар агентлиги туман бўлими ҳамда Халқ таълими бўлими ҳамкорлигида мазкур танловнинг илк босқичи умумтаълим мактабларида ва ҳудудларда бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 30 октябрь санасида туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими биносида бўлиб ўтган ушбу тадбирда умумтаълим мактабларининг ўқувчи-ёшлари, мамлакатимиздаги турли олий таълим муассасаларида таълим олаётган туманимиз ёшлари, жамоат ишларида ўз ташкилотчилик қобилиятини намоён этаётган ёшлар ҳамда уларнинг устозлари, ота-оналари иштирок этишди.
Шуни  алоҳида эътироф этиш керакки, Президентимиз ташаббуси билан мазкур танлов янгича мезонлар орқали ўтказилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги  фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу Фармонга кўра, 2018 йилдан эътиборан Зулфия номидаги Давлат мукофотини 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга бериш бўйича янги тартиб жорий  этилди ва 2018 йилдан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафардан иқтидорли қизга ушбу мукофот тақдим этила бошлади.
“Зулфияхоним қизлари” кўрик-танловининг туман босқичи тадбирини туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Муқаддас Бекназарова очди ва барчани, шу жумладан танлов иштирокчилари бўлган қизларни танловни ўтказиш шартлари, йўл-йўриқлари ҳамда танлов Низоми талаблари билан таништирди ҳамда иштирокчи қизларга муваффақият тилади.


Бу борадаги Президент Фармони ижросини таъминлаш, аёлни муқаддас билиш, унга алоҳида эҳтиром кўрсатиш, озод ва обод юртимиз келажаги бўлган, ҳар томонлама етук ёшларни тарбиялашдаги беқиёс ўрнини яна бир бор эътироф этиш, баркамол, оқила, маънан кучли аёл-қизлар авлодини вояга етказиш ҳамда ёшларнинг фан, адабиёт, таълим санъат ва маданиятни, спорт ҳамда жамоатчилик фаолиятини ривожлантиришдаги ютуқларини рағбатлантиришга қаратилган танловнинг туман босқичи бу йил ҳам ҳаяжонли таассуротларга бой бўлди. Ёшларнинг миллий истиқлол ғоялари ва маданий-маънавий қадриятларга эътиқодининг юксалиши йўлидаги ибратли ҳамда кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришдаги фаол иштирокини ўзида акс эттирган кўргазма намойиши тадбир иштирокчиларида катта таассуротлар қолдирди. Хусусан, истеъдодли ва иқтидорли қизларнинг ҳунармандчилик, рассомлик ва дизайн йўналишларидаги  ижод намуналари иштирокчиларда туманимизда етук ижодкор-ҳунарманд ёшлар шаклланаётганидан фахрланиш ҳиссини уйғотди.


Танловнинг туман босқичида умумтаълим мактаблари, ўқув муассасалари ҳамда жамоатчилик вакилларидан 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 70 нафар иқтидорли қизлар иштирок этишди. Танловининг  туман босқичи ғолиблари белгиланган йўналишлар бўйича Низом талабларига асосан ёпиқ овоз бериш орқали  аниқланади.
Шу куннинг ўзида танлов комиссияси аъзолари томонидан иштирокчи қизларнинг ҳужжатлари ва эришган ютуқлари аниқлик ҳамда шаффофлик тамойилига кўра ўрганиб чиқилди ва баҳоланди.
Ижод намуналари ва ҳужжатлари  Зулфия номидаги Давлат мукофоти бўйича  Низом талабларига муносиб номзодларга мазкур танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланма берилди.

Робия ЙЎЛДОШЕВА.