ТАДБИРКОРЛАР МУРОЖААТЛАРИ ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА

Туман янгиликлари

Тадбиркор – элга мададкор. Ҳақиқатан ҳам тадбиркор, ишбилармон инсонлар сафи ошган сари халқимиз турмуш фаровонлиги ҳам юксалиб бораётганини бугунги кундаги тўкин-сочинликда, фаровонликда яққол кўрмоқдамиз. Президентимиз ҳам: “тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам бой бўлади”, - деган иборани бежизга такрорламайдилар.
Президентимиз томонидан мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилган Фармон ва Қарорларнинг қабул қилиниши ҳам, энг аввало халқ фаровонлигини юксалтириш, мамлакат тараққиётини янада юқори поғонага кўтаришга йўналтирилгани билан муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, Президентимизнинг 2019 йил  14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тадбиркорлар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, уларнинг мулкий ва шахсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўзлари фаолият юритаётган йўналишлар миқёсини кенгайтириш, банк кредитларидан мақсадли фойдаланишларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунги тадбиркор тўла давлат ҳимоясида. Унинг ҳуқуқи бузилган тақдирда ёки ўз фаолиятини юритиш жараёнида муаммолар юзага келганида дардини тингловчи, зарур йўл-йўриқлар кўрсатиб, муаммоларини ҳал қилишда кўмаклашувчи давлат ва жамоат ташкилотлари доимо ёрдамга тайёр. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш, аниқланган муаммоларни ҳар томонлама таҳлилий ўрганиб, ҳал этишда тадбиркорларга энг яқин кўмакдош.
Туманимизда фаолият олиб борувчи Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг қабулхонаси томонидан 2020 йил 1 октябргача ҳудудларда 32 та сайёр қабуллар ташкил этилди. Олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳамда ўтказилган суҳбатлар давомида қабулхонада жами  238 та мурожаатлар рўйхатга олинди. Ушбу мурожаатларнинг 64 таси ўтказилган сайёр қабуллар орқали, 79 таси бевосита қабулхонага мурожаат қилиш орқали,     90 таси “Ишонч телефони” орқали, 5 таси business.gov.uz портали орқали электрон тарзда келиб тушган.
Рўйхатга олинган мурожаатлардан 162 таси қаноатлантирилди, 85 тасига тушунтиришлар берилиб, 3 таси иш  жараёни ҳисобига киритилди.
Мурожаатлар асосан кредит масаласида бўлиб, 65 та, шу жумладан,  “Yoshlar — kelajagimiz” дастури орқали 3 та, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича 23 та, бошқа йўналишлардаги тадбиркорлик фаолияти учун 14 та, шунингдек, хорижий валютада кредит олиш бўйича келиб тушган аризаларнинг асосий қисми қаноатлантирилди. Бундан ташқари, коронавирус пандемияси натижасида фаолиятида зарар кўраётган тадбиркорлар томонидан кредит муддатини узайтириш бўйича  қилинган мурожаатлар ҳам қаноатлантирилиб, айримларига ҳуқуқий маълумотлар берилди.
Ер, кадастр ва архитектура, қурилиш масалалари, жумладан, ер ресурслари ва давлат кадастри ҳамда фермер хўжаликлари ер масалалари ва бино-иншоотлар ажратиш масалалари бўйича қабулхонага келиб тушган мурожаатлар ҳам атрофлича ўрганилиб, зарур ёрдам ва тушунтиришлар берилди
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига турли масалаларда мурожаат қилаётган тадбиркорларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, Республика ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан кўриб чиқиладиган муаммо ва масалаларни ўз вақтида ижобий ҳал этиш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик тизими йўлга қўйилган. Айнан шу йўналишда инфратузилма, солиқ масалалари ҳамда ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича зарур ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борилмоқда.
Қабулхона томонидан корхона ва ташкилотларга юборилган мурожаатларни кўриб чиқиш мобайнида муддат бузилиши, юзаки кўриб чиқиш ҳолатлари бўйича корхона, ташкилот раҳбарларига, хусусан, АТБ “Агробанк” туман филиалига ва ҚР “Ермулккадастр” ДК туман филиали, “Микрокредитбанк” Манғит филиалига камчиликларни бартараф этиш юзасидан хатлар киритилди.
Ўтган давр мобайнида тадбиркорларнинг жамоатчилик Кенгаши томонидан кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ ва ғов бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ҳузуридаги тадбиркорларнинг жамоатчилик Кенгашига 14 та таклиф киритилди.
Қабулхона томонидан ўтказилаётган сайёр қабулларда Стоматология фаолиятини бошлаш учун давлат рўйхатидан ўтишда ва фаолиятига лицензия олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган Бахтиёр Абдуллаевнинг мурожаати бўйича қабулхона томонидан давлат рўйхатидан ўтишда ҳамда рухсатномалар, лицензиялар ва ҳужжатлар расмийлаштириш масалаларида амалий ёрдам берилиб, қисқа муддатда ижобий ҳал этилишига эришилди. Шунингдек, тадбиркор Ислом Жумамуродов шу йил март ойидан карантин сабабли фаолият юритмаган бўлса-да, туман сув идораси ходимлари сувдан фойдаланганлик учун аслида 350 минг сўмлик қарздорликни 8 млн. сўм деб асоссиз ҳисоблашганлиги бўйича мурожаат қилди. Ушбу масала ҳам Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.
Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллар жараёнида ўнлаб тадбиркорларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилаётгани туфайли туманимизда фаолият юритаётган тадбиркорларнинг Қабулхона фаолиятига ишончи тобора ортмоқда. Қандай муаммо бўлишидан қатъий назар, барчаси очиқлик ва шаффофлик, ҳуқуқий мезонлар асосида ўрганилмоқда. Масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ижобий ечим топилаётгани боис, тадбиркорлар ҳам миннатдор бўлишмоқда.

М.Уразбоев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Амударё туманидаги

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мутахассиси.