ЕТТИ НАФАР ГИМНАСТИКАЧИ ҚИЗЛАР МУСОБАҚАДАН ЕТТИТА МЕДАЛЬ БИЛАН ҚАЙТДИ

Туман янгиликлари

Яқинда Тошкент шаҳрида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган  Болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг   гимнастика тўгаракларида   ушбу нафис спорт тури билан шуғулланаётган  2008-2016 йилларда туғилган қизлар орасида  очиқ биринчилик мусобақалари бўлиб ўтди.

    Беш ташаббус доирасида ўтказилган ушбу тадбирда Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими қошида фаолият кўрсатаётган  ёш гимнастикачилар тўгарагидан  ҳам етти нафар қизлар  иштирок этишиб, умумжамоа ҳисобида 4 та олтин, 2 та кумуш, 1та бронза медалларини енгиб олишди. Улар турли ёш тоифасида қатнашган Сарвиноз Эрмонова, Мардона Байрамгулиева, Насиба Эндирбоева, Рухшона Фарҳодова, Фарангиз Файзуллаева, Гуласал Йўлдошева, Моҳира Эндирбоевалардир. Улар бугунги кунда яқинда  ўтказилиши режалаштирилаётган “Олтин барг” деб номланган кузги гимнастика мусобақаларига қизғин тайёргарлик кўришмоқда.

      Маҳоратли мураббий Моҳира Бердибоева  раҳбарлик қилаётган тўгаракда 4 ёшдан 13 ёшгача бўлган 60 нафар туманимизнинг иқтидорли қизлари  гимнастика билан шуғулланишиб, кўпгина ютуқларга эришмоқдалар.

 Зебо Холбоева.