НОЯБРЬ ОЙИНИНГ ИККИНЧИ ЎН КУНЛИГИДА ҚИЗИЛ ЯРИМ ОЙ ЖАМИЯТИ ЖАМҒАРМАСИГА ХАЙРИЯ МАБЛАҒЛАРИ ТЎПЛАШ ЎН КУНЛИГИ ЎТКАЗИЛАДИ

Туман янгиликлари

Давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўз-ўзини бошқарув органларига гуманитар ва ижтимоий соҳаларда ихтиёрий тарзда кўмаклашиш, миллати, дини, жинсидан қатъий назар, ҳар бир шахснинг дардини енгиллаштириш, ижтимоий ҳимоя қилиш, аҳолининг энг ночор қатламларига, жумладан, табиий ва экологик офатлар, техноген фалокатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда вазиятларда хайрия ва мурувват ёрдами кўрсатиш, аҳолини инсонпарварлик, меҳр-оқибат ҳамда халқаро “Қизил Ярим Ой” жамияти ҳаракати тамойиллари руҳида тарбиялаш, уларни жамиятнинг инсонпарварлик ҳаракатига жалб қилиш мақсадида фаолият юритаётган Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти мамлакатимиз ҳаётида ўзига хос нуфузга эга.
Жамият ёлғиз қариялар, меҳнатга лаёқатсиз шахслар, Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, ижтимоий касалликлар билан оғриган беморлар, ота-онасиз етим қолган болаларга гуманитар, тиббий ёрдам кўрсатишда, уларни парваришлашда, ижтимоий-гуманитар хизматлар кўрсатишда кўпгина савобли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Шу боисдан ҳам мамлакатимиз бўйлаб ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида Ўзбекистон Қизил Ярим Ой  жамияти ҳисоб рақамига маблағ тўплаш хайрия ўн кунлиги ўтказилади.

Туманимизда ҳам Қизил Ярим ой жамияти туман ташкилотининг ҳисоб рақамига маблағ тўплаш хайрия ўн кунлигини уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан тайёргарлик ишлари бошланиб кетди.

Ўн кунликни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида хар йилгидек  туман ҳокимининг фармойиши қабул қилиниб, ушбу фармойишга мувофиқ хайрия ўн кунлигини ўтказишда жамиятнинг туман бўлимига кўмаклашувчи ишчи гуруҳ тузилади. Ишчи гуруҳ аъзолари айни кунларда тумандаги корхона, ташкилот, муассасаларда хайрия ўн кунлигининг аҳамияти ҳақида кенг тарғибот ишларини олиб бормоқдалар ва хайрия маблағларини тўплашга амалий ёрдам кўрсатишмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, баъзи фуқаролар Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти фаолияти фақат тиббиёт ходимларига алоқадор, деб ҳисоблашади. Аксинча, жамият ҳисоб рақамига хайрия ўн кунлигида йиғилган маблағ тумандаги энг мутож оилалар, шунингдек, ёлғиз кексалар ва ногиронларга ижтимоий хизматлар кўрсатишга сарфланади.

Қадрли юртдошлар, савобли ишга ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини доимо ёдда тутишимиз лозим. Зеро, хайр-саховат инсон учун энг эзгу амалдир.

Ибодулла  Нуримбетов, Қизил Ярим Ой жамияти туман бўлими ижрочи директори.