4 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Aктам Ҳаитов томорқа ер эгаларининг фаолияти билан яқиндан танишиш ва уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш, ҳал қилишда амалий ёрдам бериш мақсадида туманимизга ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Aктам Ҳаитов тумандаги соҳа масъуллари ҳамроҳлигида дастлаб Тўлқин овулидаги томорқалар ҳолатини кўриш ва ер эгалари билан суҳбатлашиш мақсадида ҳудудга ташриф буюрди. Меҳмонлар дастлаб овулдаги тажрибали деҳқон Ўрозимбат Камоловнинг томорқасида бўлиб, томорқа ер эгасининг ердан самарали фойдаланаётганига гувоҳ бўлдилар.
Ўрозимбат Камолов томорқасида турли сабзавот маҳсулотларини етиштириб, туманимиз бозорини тўлдиришга ҳисса қўшаётган деҳқонлардан бири. Қолаверса, овулда мевали дарахтлар экиб, юртдошларимиз дастурхонини ҳар хил мевалар билан тўлдираётган боғбон Фарҳод Бобониёзов ҳам 1 гектар ер майдонида тўқсонбости экинлар экиб, парвариш қилмоқда. Айтиш керакки, ердан унумли ва оқилона фойдаланиш деҳқончиликда муҳим аҳамият касб этади. Ўз ишининг илмини олган деҳқон борки, албатта, бу жиҳатнинг самарасини яхши билади. Буни билган ҳар бир деҳқон ерни бўш қолдирмаслик, мавсумий ва иқлим шароитига мос экинлар экиб, такрорий ҳосил олиш ҳаракатида бўлади.
Шундан сўнг, масъуллар Куюк кўпир овулидаги Сардор Собиров фермер хўжалигида ерларни лазер ускунаси воситасида текислашнинг афзалликларини кўрсатиш бўйича ташкил қилинган семинарда иштирок этдилар. Семинар иштирокчиларига лазер ускунаси ёрдамида ерни текислаш натижасида сувнинг тежалиши, ҳосилдорликнинг ошиши аниқ рақамлар мисолида тушунтирилиб, бу усулни амалиётга кенг жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Ушбу усулда текисланган экин майдонларини суғоришда 25 фоизгача сувни тежаш ва ҳосилдорликни 10 фоиз ошириш амалиётда исботланган. Туманимиз шароитимизда эса бу жуда яхши кўрсаткич. Боиси, экин майдонларидаги баланд-пастлик айрим далаларда 50 сантиметргача фарқ қилади. Бундай шароитда экин бир текис қониб сув ичмайди, ҳосилдорлик кутилганидан анча кам ва сув сарфи жуда юқори бўлади. Кўргазмали семинарда ушбу технологияни қўллаш орқали сувдан оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни сезиларли даражада ошириш билан бирга, тупроқ шўрланишининг олдини олишга ҳам эришилиши таъкидлаб ўтилди.
Aктам Ҳаитов Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Aҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида “Aмударё томорқа хизмат” масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлди. Туманимизда томорқа ерлардан унумли фойдаланиш, томорқани ҳақиқий даромад манбаига айлантиришга катта ҳисса қўшаётган ушбу жамият томонидан бугунги кунда самарали фаолият олиб бормоқда.
“Амударё томорқа хизмат” масъулияти чекланган жамияти томонидан бугунги кунда томорқачилик кластери ташкил этишни лойиҳалаштириш ишлари тўлиғи билан якунланган бўлиб, жамиятнинг устав фонди 3 млрд. 800 млн. сўмни ташкил қилади. Туман ҳокими қарори билан жамиятга уруғ, кўчат ва минерал ўғит сотиш дўконлари ҳамда иссиқхона қуриш учун 3,3 гектар ер майдони ажратиб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Aктам Ҳаитов Ўрта қалъа овули худудидаги “Ўрта қалъа чорвадори” агрофирмасидаги асаларичиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишди.
Боғ маҳалласи ҳудудида жойлашган мазкур агрофирмада тадбиркор ва фермер Эркин Расулов бошчилигида туман қишлоқ хўжалигининг асаларичилик тармоғи янада ривожлантирилишига ҳисса қўшилаётир. Ушбу агрофирмани ташкил қилиш учун Эркин Расулов Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан 1 млрд. 200 млн. сўм кредит олди. Ҳозирда агрофирмада 1000 та асалари уяси мавжуд. Асаларичилик агрофирмасининг ташкил қилиниши билан тумандаги 30 нафарга яқин ёшларнинг бандлиги таъминланди.
Тумандаги қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишган Aктам Ҳаитов соҳа масъуллари ва деҳқон, фермерларга зарур тавсиялар ҳамда кўрсатмалар берди.
Чарос Арслонова.