АМУДАРЁДА “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЯНГИЧА ДУНЁҚАРАШ” ШИОРИ ОСТИДА ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАРИ БОШЛАНДИ

Туман янгиликлари

Мамлакатимизда юртбошимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида халқ манфаатларига қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган 5 та муҳим ташаббус ҳаётга самарали татбиқ этилмоқда.

Ушбу ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимизга етказиш, тарғибот тадбирларини “маҳаллабай” ташкил этиш ва ўтказишга қаратилган чора-тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида тузилган тарғибот гуруҳи туманимизда бўлди. Қорақалпоғистон Республикасида “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида ўтказиладиган маънавий-маърифий, маданий тадбирларда иштирок этувчи маданият, адабиёт ва санъат намояндаларидан иборат тарғибот гуруҳи аъзолари таркибига Республикамиздаги олий таълим муассасалари вакиллари, Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари жалб этилди.

Тарғибот гуруҳи аъзолари 10 ноябрь куни туманимиздаги Олмазор, Бойовул, Алишер Навоий, Бўстон номли маҳаллалардаги аҳоли вакиллари билан учрашдилар. Мазкур учрашувлар 82-сонли мактабдан бошланиб, 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби, туман Тиббиёт бирлашмаси ҳамда 38-сонли мактабларда давом эттирилди.

Айтиш керакки, мазкур тарғибот тадбирларида қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳоли вакиллари юртимизда ва дунёда бўлаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазиятдан хабардор қилинмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти жамоатчиликка таъсирчан усулларда етказилмоқда.

Шунингдек, аҳолининг кайфиятини кўтариш, уларда ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш, меҳр-оқибат, шукроналик, ўзаро ёрдам каби миллий ва умуминсоний қадриятларни янада кучайтиришга қаратилган маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши йўлга қўйилмоқда.

Қолаверса, аҳоли орасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида махаллаларда, таълим муассасалари ва ташкилотларда арзонлаштирилган нархларда китоб савдо ярмаркалари ташкил этилди. Аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган икки босқичли – маҳалла ва туман миқёсидаги “Энг китобхон оила”, “Энг китобхон ўқувчи” каби кўрик-танловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича режалар ишлаб чиқилди.

Тарғибот гуруҳлари томонидан ўтказилаётган тадбирларда маҳаллий аҳоли маълум қилинган ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва таклифларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва амалий ёрдам беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг баркамол бўлиб вояга етиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида бир қанча муҳим ислоҳотларлар олиб борилиб, амалий ишлар йўлга қўйилди ҳамда муайян натижаларга эришилмоқда. Шунга қарамай, бу борада бажариладиган ишлар ҳамиша кенг кўламли бўлиб, ўз долзарблигини сақлаб қолаверади. Мазкур ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида маҳаллаларда ташкил қилинаётган кенг қамровли тадбирларга аҳоли вакиллари, айниқса, ёшларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тарғибот-ташвиқот тадбирларидан янада улкан марралар кўзланган.

Туманимизга ташриф буюрган тарғибот гуруҳи аъзолари учун барча зарур шароитлар яратилиб, тадбирларининг ўз вақтида ва юқори савияда ўтказилишига кўмаклашишга секторлар раҳбарлари жалб қилинди.
Тарғибот тадбирлари давом этмоқда.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.