ЁШЛАР – КЕЛАЖАГИМИЗ ТАЯНЧИ

Туман янгиликлари

«Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз. Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур. Шунинг учун ҳам, боғчадан бошлаб олий ўқув юртигача, таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилишни бошладик.

Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак.

Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади. Шарқ донишмандлари айтганидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат, илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир”.

Замонавий билимларни ўзлаштириш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак», - деган эди юртбошимиз.

Охирги йилларда давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига қабул тест синовлари жараёнлари, кўпчилик эътироф этганидек, анча шаффоф, ошкора ва адолатли ўтди. Бу, энг аввало, ҳукуматимиз раҳбариятининг ушбу соҳада олиб бораётган сиёсати, ислоҳотлари натижасидир.

Жорий ўқув йили учун Қорақалпоғистон Республикасида 82 минг 397 нафар абитуриент онлайн рўйхатга олинган бўлса, шундан 67103 нафари тест синовлари орқали, 11 мингдан ортиғи ижодий имтиҳон асосида ўз билимини синовдан ўтказди.

Абитуриентларнинг туманлар кесимида олий таълим муассасаларини (таълим йўналишларини) танлашида, асосан битирувчиларнинг қизиқишлари, шунингдек, ҳудудларнинг ихтисослашуви асосий роль ўйнамоқда. Давлатимиз раҳбарининг таълим соҳасида қабул қилаётган қарорлари ёшларимиз учун айни муддао бўлди. Хусусан, 2020 йил 27 февралдаги “Педагогик таълим соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4623-сон қарори ёшлар учун жуда қувонарли янгилик бўлди.

Амударё тумани бўйича жами 9086 нафар абитуриентлар (шундан  2382 нафари жорий йил битирувчилари) ўз ҳужжатларини онлайн рўйхатдан ўтказган бўлса, уларнинг аксарияти педагогика таълим йўналишлари, ветеринария, тиббиёт ва шу каби таълим йўналишларини танламоқда. Бу албатта ёшларимизнинг олий маълумотли етук кадр сифатида юртимиз ривожланиши учун ўз билимини, салоҳиятини сарфлаш учун қилаётган ҳаракатидир. Олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган 9086 нафар абитуриентлардан 1036 нафари (11,4%) ўқишга тавсия этилди.

Олий таълим муассасаларига кириш бўйича қабул қилинган ўзгаришлар, аввало, қабул жараёнини соддалаштириш, тест синовларининг янада очиқлиги, холислиги ва шаффофлигини таъминлаш, ёшларга имкониятлар яратиш тизимини тубдан яхшилашга хизмат қилади.

 

М.Абдуллаев, Давлат тест марказининг Қорақалпоғистон

Республикасидаги бўлими бошлиғи