ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Туман янгиликлари

“Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида аҳоли вакилларини юртимизда ва дунёда бўлаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазиятдан хабардор қилиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида жамоатчиликка таъсирчан усулларда етказиш мақсадида туманимизда 10 ноябрь куни бошланган тарғибот тадбирлари қизғин тусда давом эттирилмоқда. Юксак савияда ташкил қилинаётган мазкур маънавий-маърифий тадбирлар юртдошларимизда юқори кайфият уйғотиб, улардаги ислоҳотларга дахлдорлик туйғуларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

11 ноябрь куни бўлиб ўтган тадбирлар Чордара, Янгиобод, Дурунки, Гулзор, Ойбек, Фаровон, Беруний номли маҳаллалари аҳолиси учун Амударё муҳандислик техникуми, 82- ва 5-сонли мактабларда, “Темурбек” тўйхонаси, “Бўстон” кафеси, “Бек” ва “Орзу” тўйхоналарида  ташкил қилинди. 

Тарғибот тадбирларида мамлакатимизда ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги ҳамда мазкур ислоҳотлар замирида яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш зарурлиги таъкидланмоқда.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда ёшларга кўмак бериш, уларнинг ҳар соҳадаги истеъдод ва имкониятларини рўёбга оширишлари учун шарт-шароитлар яратиш, эзгу ташаббусларини рағбатлантириш, қизиқиш ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бугуннинг муҳим масалаларидан саналади.

Тарғибот тадбирлари 12 ноябрь куни туманимиздаги Қиличбой ва Дўрман овулларида ҳамда Хизр эли, Беш овул, Бўз солма, Қорамон, Тош қалъа маҳаллаларида ўтказилди. Шу куни дастлаб “Қиличбой” маданият марказида ташкил этилган маданий-маърифий тадбир юртдошларимизга кўтаринки руҳ бағишлади. Кейинги тадбирлар кун давомида мазкур ҳудудлардаги таълим масканлари – 84-, 46-, 37-, 70-сонли мактабларда бўлиб ўтди. Аҳолига ўзгача кайфият бахш этаётган тадбирлар 23-, 34-, 8-сонли мактабларда ҳам давом эттирилди.

Тарғибот гуруҳи аъзолари юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни акс эттирувчи тарғибот материалларни ҳамда видеороликларни тадбирлар давомида юртдошларимиз эътиборига ҳавола қилишмоқда. Барча ҳудудларда бўлиб ўтаётган тадбирларда иштирок этаётган аҳоли мазкур тарғибот воситалари орқали давлатимиз томонидан турли жабҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида янада чуқурроқ маълумотларга эга бўлишмоқда.

Тарғибот гуруҳи томонидан туманимиздаги ҳар бир овул ҳамда маҳаллага кириб бориш, туманимизнинг энг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи юртдошларимиз билан учрашиш, уларга ҳам юқори кайфият улашиш мақсадида бир кунда 7-8 та маҳаллада маданий-маърифий тадбирлар ташкил қилинмоқда. Ўтказилаётган тадбирларда мамлакатимизда ёш авлодни маънавий баркамол инсон этиб тарбиялаш, бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этишга кўпроқ аҳамият қаратиш лозимлиги тўғрисида сўз юритилмоқда. Келажак эгалари бўлган ёшларимизнинг санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишларини ошириш бўйича бешта муҳим ташаббус доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида, Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшадиган комил инсон бўлиб етишишларида, юртимизни янада тараққий эттиришда беқиёс аҳамият касб этиши таъкидланмоқда.

Тарғибот тадбирлари туманимизнинг овул ва маҳаллаларида давом этмоқда.

 Чарос Арслонова.