Туман ҳокимлигининг мажлислар залида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси туман Кенгашининг навбатдаги III Пленуми бўлиб ўтди.
9 ноябрь куни бўлиб ўтган Пленумда Ўзбекистон “Адолат”социал демократик партияси туман Кенгаши раиси, кенгаш аъзолари, партия депутатлари ва фаоллари иштирок этдилар. Пленум йиғилишида “Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Амударё туман Кенгаши фаолиятининг 2020 йил 3-чорак якунлари ва 2020 йил 4-чоракка мўлжалланган устувор вазифалари тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
Пленумда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан жорий йилнинг шу даврига қадар 2020-2024 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган йўл харитасига мувофиқ фаолият олиб борганлиги тўғрисида сўз юритилди. Ўтган давр мобайнида мафкуравий ва дастурий вазифаларни амалга оширишга қаратилган 10 га яқин партия лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилганлиги тўғрисида маълумот берилди.
Жумладан, “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида барча даражадаги депутатлик корпуслари ва партия фаоллари ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари мунтазам равишда маҳаллаларда халқ билан юзма-юз мулоқотлар ўтказганлиги айтиб ўтилди. Туманимиздаги жами 23 та маҳаллаларда шундай мулоқотлар ташкил қилинганлиги, маҳаллалардаги 167 та хонадон ва 17 та хўжалик юритувчи субъектга ташриф буюрилиб, уларни қийнаётган муаммо ва камчиликлар ўрганилганлиги қайд этилди. Ўрганиш жараёнларида аҳоли томонидан 9 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, улар юзасидан 5 та депутатлик сўровлари юборилган ҳамда 4 таси ижобий ечимини топган, 3 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳатлар берилганлиги таъкидланди.
Айтиш жоизки, партиянинг “Адолат” сиёсий-ҳуқуқий ўқувлари куни” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг сешанба кунлари ҳар бир маҳаллада аҳолини кенг жалб қилган ҳолда сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар ташкил этилган. Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 7 нафар фуқаролар иш билан таъминланган, шундан 2 нафарини ёшлар, 2 нафарини аёллар ташкил этади. Вақтинча даромадсиз қолган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бўйича кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган 28 та оилаларга партия депутатлари ва партия фаоллари томонидан зарурий озиқ-овқат ва мактаб ўқувчиларига бепул ҳимоя ниқоблари етказиб берилди.
Келгусида ҳам партия депутатлари ва фаоллари аҳоли билан мулоқотини янада жадаллаштириш, жойларда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларидаги ислоҳотларга тўсиқ бўлиб келаётган муаммоларни ўрганиб, уларнинг ечимини топишга ҳисса қўшишни мақсад қилган.
Шунингдек, 10 ноябрь куни туман ҳокимлигида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Амударё туман Кенгашларининг давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизлар ва ёшларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш борасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда туман Кенгаши фаоллари, депутатлар, кўнгилли зиёлиларнинг “Хизмат-беминнат” лойиҳаси доирасида таълим олиб, талабалик бахтига эришган ёшлар ҳамда уларнинг устозлари, тумандаги “Aёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳоли вакиллари иштирок этдилар.
Давлатимиз раҳбари бугун хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, орзу-истакларини рўёбга чиқаришга ёрдам беришга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Жорий йилнинг 8 октябрь санасида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши ҳам айнан шу масалага бағишланиб, бу борада амалга ошириш лозим бўлган вазифалар белгилаб берилган эди.
Давра суҳбати давомида туманда “Ёшлар дафтари” ва "Аёллар дафтари”ини шакллантиршда қайси кўрсаткичларига эътибор қаратилганлиги, сўровномалар ташкил қилиш ҳамда ўз меҳнати, иродаси билан катта ютуқларга эришган машҳур шахслар билан учрашувлар ташкил этиб, ёшлар ва хотин-қизларга кучли мотивация беришни йўлга қўйиш орқали касбга йўналтириш лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, суҳбат мобайнида ҳар бир инсон ҳаётда ўз ўрнини топиши учун, энг аввало, ўзи масъул эканлиги, бунинг учун ўз олдига улкан мақсадларни қўйиб, уларга эришиш учун катта сабр-матонат ҳамда меҳнат билан тинимсиз ҳаракат қилиши лозимлиги таъкидланди.
Йиғилиш давомида кўнгилли зиёлиларнинг “Хизмат-беминнат” лойиҳаси асосида таълим бераётган ўқитувчиларга партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Чарос Арслонова.