ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАРИ ХАЛҚИМИЗГА МАЪНАВИЙ КУЧ БАҒИШЛАМОҚДА

Туман янгиликлари

“Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида бўлиб ўтаётган тарғибот тадбирлари 13 ноябрь куни туманимиздаги Ҳолимбег, Ўртақалъа, Куюккўпир ва Хитой  овулларида ҳамда Боғ, Арнабўйи, Тор ёп маҳаллаларида давом  этди. Тадбирлар мазкур ҳудудлардаги 35-, 12-, 13-, 27-сонли мактабларда ўтказилди. Шунингдек, 21-, 19-, 85-сонли умумтаълим мактаблари биноларида ва “Темур Анвара” кафесида ҳам тарғибот учрашувлари ташкил этилди.

Маданий-маърифий тарғибот тадбирларига аҳоли вакиллари, биринчи навбатда, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар, уюшмаган ёшлар, эҳтиёжманд хотин-қизлар, кекса авлод вакиллари жалб этилди. Ҳудудларда китобхонлик муҳитини яратиш, айниқса, ёшларнинг китобхонлик маданиятини оширишнинг аҳамияти хусусида ёшлар ва кекса авлод вакиллари томонидан ҳам қимматли фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, китоб мутолаасининг инсон ҳаётида тутган ўрни ўта муҳимлиги ҳақида самимий, дилдан суҳбатлар ташкил этилди.

Тадбирларда умумтаълим мактаблари ўқувчи-ёшлари мамлакатимизда  ама1лга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ўзларининг ҳам иштироки борлигини, айниқса, Президентимизнинг бешта муҳим ташаббусини амалиётга жорий этиш борасидаги ҳаракатлар ёшларнинг ҳаётига ижобий ўзгаришлар олиб киргани ҳақида тўлқинланиб гапирдилар.

Шунингдек, аҳоли вакиллари маҳалла тизимида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари” йўлга қўйилгани, ушбу  йўналишларда амалга оширилаётган кенг қамровли ишларнинг  ижтимоий аҳамияти хусусида ўз фикрларини билдирдилар.

Туманимизга ташриф буюрган таниқли давлат ва жамоат арбоблари, санъат, адабиёт ва маданият ҳамда спорт соҳаси намоёндаларидан иборат тарғибот гуруҳи маҳаллаларда ташкиллаштирилган маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиб, аҳоли вакиллари ва ёшлар билан мулоқотда бўлдилар. Ишчи гуруҳ аъзолари аҳолини юртимизда ва дунёда  бўлаётган сиёсий-ижтимоий, иқтисодий  вазиятдан хабардор қилган ҳолда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг  мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка таъсирли воситалар орқали етказишмоқда. Айниқса, туманимизнинг ўзига хос  хусусиятлари, аҳолининг ёш тоифалари, оилалар таркиби инобатга олинган ҳолда ўтказилаётган самимий суҳбат, шеърхонлик, китобхонлик тарғиботига бағишланган маънавий-маърифий мулоқот тадбирлари барчага манзур бўлмоқда.

Робия Йўлдошева.