Жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси даврида эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда айрим юртдошларимиз фаол иштирок этиб келишмоқда. Шунингдек, ушбу офатнинг оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатиб, миллий қадрият ва анъанамизни муносиб давом эттириб, меҳр-оқибат, саховат, ҳиммат ва олижаноблик фазилатларини улуғлаб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга беминнат кўмак бериш борасидаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга ҳисса қўшишмоқда.
Мамлакатимиз Президенти, Муҳтарам Ш.Мирзиёев жорий йилнинг 26 май куни жамиятимизда тинчлик-осойишталик, бирлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда, беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан кўпчиликка алоҳида ўрнак бўлаётган ана шундай фидойиларни тақдирлаш мақсадида “Меҳр-саховат” кўкрак нишонини таъсис этиш ҳақида Фармон қабул қилган эдилар. Халқимиз саломатлигини асрашда ўз жони, ҳузур-ҳаловатини ўйламай, фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари дастлаб ушбу кўкрак нишонига муносиб кўрилиб, тақдирлангандилар.
Шу йилнинг 14 ноябрида туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимларидан, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, уларнинг ўринбосарларидан бир гуруҳи, жами 64 нафар юртдошларимизга ҳам “Меҳр-саховат” кўкрак нишони топширилди. Тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Сағиндиқ Турманов, туман ҳокими С.Йўлдошевлар иштирок этиб, мукофотланганларга кўкрак нишонини топширдилар ва уларни шу муносабат билан қизғин муборакбод этдилар, эл-юртимиз тинч-осойишта, фаровон бўлишидаги улкан хизматлари учун миннатдорчилик билдирдилар. Тақдирланганлардан 49 нафари фуқаролар йиғинлари раислари, 7 нафари уларнинг ўринбосарлари, қолганлари эса туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбар ва ходимлари мукофот эгалари бўлдилар.
Айтиш жоизки, жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг тўлақонли ва самарали ташкил этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашда халқимизга энг яқин ташкилот ҳисобланган ўзини-ўзи бошқариш органлари, яъни фуқаролар йиғинлари муҳим ўрин тутади. Фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш, нуронийларнинг ҳаётий тажрибалари ва билимларидан кенг фойдаланиш, “Соғлом оила – соғлом жамият” тамойилини ҳаётга татбиқ этишда фаоллик кўрсатиш, хотин-қизларнинг ҳаётидаги турли муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш, аҳолининг иқтисодий ночор қатламини қўллаб-қувватлаб, моддий ёрдам бериш кабилар ушбу ташкилот томонидан амалга оширилади. Ундан ташқари, жамиятда миллий қадриятларни, авлоддан авлодга мерос бўлиб келаётган урф-одат, анъаналарни кенг тарғиб қилиш орқали ёш авлодни одоб-ахлоқли, интеллектуал салоҳиятли, маънавиятли қилиб тарбиялашда ҳам уларнинг кўмагидан фойдаланилади.
Айниқса, жорий йилда аҳолини ташвишга солган коронавирус пандемияси даврида одамларни касалликдан ҳимоя қилишда, касалликка чалинганларни моддий-қувватлаб, соғлом ҳаётга қайтаришда, пандемия туфайли даромадидан айрилган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлашда овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари масъул ходимлари вақт билан ҳисоблашмай, фидойилик билан меҳнат қилдилар.
Шу боис ҳукуматимиз эътирофига, “Меҳр-саховат” кўкрак нишонига лойиқ кўрилган фуқаролар йиғинлари раислари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимларига ушбу кўкрак нишонини топшириш маросими улкан тантанага айланиб кетди.
Ойгул Ражабова.