Ҳар йили 14 ноябрь санаси бутун жаҳонда «Халқаро диабетга қарши кураш куни” сифатида нишонланиб келинади ҳамда қандли диабет касаллигига қарши курашга бағишланган турли хил тадбирлар ўтказилади. Ушбу кун инсулин гормонини сунъий тарзда ажратиб олган ва инсулинотерапияга асос солган Фредерик Бантингнинг таваллуд топган куни бўлиб, 1991 йилда Халқаро диабет федерацияси ва Жаҳлн соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамкорлигида алоҳида кун сифатида белгиланган. Фредерик Бантингнинг кашфиёти қандли диабет касаллигини тўла даволаш имконини бермаса ҳам, касалликни назорат қилишга ҳамда касалликка чалинган кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилиб келмоқда.
Ушбу сана муносабати билан 14 ноябрь куни туманимизда ҳам “Моҳидил Шифо мед” хусусий клиникасида хайрия тадбири ўтказилди. Клиника томонидан қандли диабетга қарши кураш куни муносабати билан тиббий кўрикдан ўтказиш хизмати бепул ташкил этилиши олдиндан маълум қилинганлиги сабабли ушбу касалликка чалинган беморлар таҳлил топшириш мақсадида эрталабдан ташриф буюрдилар. Клиниканинг тажрибали ҳамда малакали шифокорлари барча беморлардан таҳлил намуналарини олиб, қандли диабет касаллигига чалинганлик ҳолатини аниқлашди.
Таҳлил натижаларига кўра, 113 нафар қандли диабет касаллиги аниқланган ҳамюртларимизга клиника томонидан дори воситалари ҳамда витамин препаратлари берилди. Касалликка қарши курашда самарали бўлган “Тромбо AСС”, “Глибенкламид”, “Витазеф”, “Зефак” каби препаратлар беморларга бепул тарқатилди. Шу куни клиникада барча хизматлар хайрия тарзида бепул амалга оширилди. Клиника мудираси Зулхумор Маматқулова ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбирда клиниканинг жонкуяр шифокорлари Наргиза Йўлдошева, Муборак Нуримбетова, Зумрад Ерназарова, Замира Ешимбетовалар бу ишларда жонбозлик кўрсатдилар.
Шунингдек, клиниканинг малакали шифокорлари беморларга касалликни қандай назорат қилиш кераклиги борасида муҳим тавсиялар бердилар. Тадбир давомида бўлиб ўтган мулоқот давомида беморларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди. Шунингдек, шифокорлар соғлом турмуш тарзини шакллантириш лозимлиги, бунда тўғри овқатланишнинг аҳамияти, юрак қон-томир касалликлари, қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликлар бутун дунёда ногиронлик даражаси ортишига ва бевақт ўлимлар сони кўпайишига сабаб бўлаётгани тўғрисида гапириб, ҳар қандай касалликнинг олдини олиш – даволашдан кўра самарали эканлигини таъкидлашди. Бу касалликларни юқори қон босими, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш, қондаги холестериннинг юқори даражаси, ортиқча тана вазни, мева ва сабзавотларни етарлича истеъмол қилмаслик ва жисмоний фаолликнинг сустлашиши каби хавфли омиллар келтириб чиқариши тушунтирилиб, қандли диабет ва унинг асоратлари, даволаш усуллари ҳақида тушунчалар берилди.
Чарос Арслонова.