“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида Самарқанд вилоятида ҳам “Президент эътибори – мурувват тадбирларида” шиори остида никоҳ ва суннат тўйлари ўказилмоқда.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида Пайариқда Пайариқ ва Қўшработ туманларидан 22 боланинг суннат тўйи тантанали нишонланди.
Вилоят ва туман ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси вакиллари тўй болалар ва уларнинг ота-оналарини табриклаб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида халқ билан мулоқот қилиш ва инсон манфаатларини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Мазкур тўй маросимлари ҳам ана шу мулоқотлар натижаси сифатида аҳолининг хоҳиш-истаклари инобатга олинган ҳолда бевосита давлатимиз раҳбарининг эътибори билан ташкил этилмоқда.
– Бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган бу тўйлар халқимизга хос бағрикенглик ва саховатпешаликнинг ёрқин ифодаси бўлиб, одамлар ўртасида меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Маҳмуд Бобоёров. – Ушбу лойиҳа доирасида вилоятимизда 163 боланинг суннат тўйи, 19 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйи юксак савияда, кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилмоқда. Ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари ёрдамида тўй болалар ва келин-куёвлар истиқомат қилаётган хонадонлар таъмирланаётир. Келин-куёвларнинг бандлиги масаласига эътибор қаратилиб, уларни иш билан таъминлаш чоралари кўриляпти.
Тўкин дастурхон атрофида ўтирган тўй болаларнинг ҳар бирига Халқ банкида улар номига 1 миллион сўмдан пул маблағи қўйилиб очилган жамғарма омонат дафтарчаси, китоблар ва бошқа эсдалик совғалари топширилди. Таниқли санъаткорлар ижросида куй-қўшиқлар янгради.
– Бугун икки набирамнинг тўйи катта тантана қилинмоқда, – дейди Қўшработ тумани Канда қишлоғида яшовчи Хайрулла Аҳмедов. – Бунинг учун Президентимиздан беҳад миннатдормиз. Фарзандларимиз келажагини ўйлаб очилган омонат дафтарчасидаги маблағлар уларнинг никоҳ тўйларига хизмат қилсин.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Ҳ.Оқбўтаев сўзга чиқди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА