“ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ЯГОНА РЕЕСТРИ” АХБОРОТ ТИЗИМИ ЖОРИЙ ЭТИЛИШИ БОРАСИДАГИ ЧОРА-ТАДБИРЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Туман янгиликлари

12 январь куни туман ҳокимлигида бу борадаги саъи-ҳаракатлар изчиллигини назорат қилиш ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Марям Аҳмедова ҳам иштирок этди.  Шунингдек, йиғилишда туман ҳокими ўринбосари Маҳмуд Шерметов, туман ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Алишер Йўлдошев ҳамда тегишли корхона-ташкилотлар раҳбар ва масъул ходимлари, фуқаролар йиғинлари раис ва ўринбосарлари қатнашишди.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Марям Аҳмедова «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими бошқа вилоятларда ўтган ойлар давомида бочқичма-босқич ишга туширила бошлангани, декабрь ойидан Қорақалпоғистон Республикасида ҳам жорий этилаётгани, тайёргарлик ишлари тизимли равишда олиб борилгани ҳақида сўз юритди. Шунингдек, мазкур тизим эҳтиёжманд фуқаролар томонидан мурожаат қилиш жараёнини осонлаштиришини, шу пайтга қадар бу жараён учун қоғоз шаклида 10 дан ортиқ турли хил ҳужжатлар ва гувоҳномаларни талаб қилинганлигини айтиб ўтди.  Бу борада масъул идоралар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, белгиланган чора-тадбирлар тўғрисида гапириб, бу жараёндаги камчиликларни бартараф қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

Таъкидланганидек, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тегишли бўлиб, «Электрон ҳукумат» тизимининг таркибий қисмидир. Эндиликда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ижтимоий хизматлар ва ёрдам тақдим этишда фуқаролардан 10 дан ортиқ ҳужжат ва маълумотнома талаб этилишига йўл қўйилмайди. Шу билан бирга, улар ижтимоий ёрдамнинг 7 туридан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.

Бундан ташқари, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали белгиланган тартибда кам таъминланган деб эътироф этилган шахслар ёки оилалар қўшимча ҳужжатлар ва маълумотномаларни тақдим этмасдан Давлат мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар тўловидан озод этиш, мактабгача таълим муассасаларида ўрнатилган миқдорларда ота-оналар тўловини тўлаш, умумий ўрта таълим мактабларида дарсликлар ижара тўловларидан озод этиш, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун қишки кийим-бош бериш, айрим фанларни ўқитишга ихтисослаштирилган умумий ўрта мактаблар ўқувчиларини овқатланиш харажатларидан озод этиш каби хизматлар ва имтиёзларни ҳам олишга ҳақлидир.

Йиғилишда янги тизим орқали электрон маълумот алмашуви, давлат томонидан аҳолига ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатишнинг онлайн дастур асосидаги шаффоф ва одилона тизими яратилганлиги таъкидланди. Шунингдек, Ягона реестр – бошланғич босқичда ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун инсон омилисиз, оиланинг муҳтожлигини ўзи аниқлайдиган, нафақаларни тайинлаб, тўловларни амалга оширадиган ва назорат қиладиган, харажатлар ҳисобини юритадиган автоматлашган ахборот тизими эканлигини кенг тушунтириш мақсадида аҳоли ўртасида тарғибот тадбирларини янада кўпроқ ўтказиш бўйича вазифалар топширилди. Тумандаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга ушбу янги тизим орқали қулай шаклда ёрдам кўрсатилишини таъминлаш учун бор имкониятни ишга солиш лозимлиги тўғрисида сўз юритилди ва тегишли вазифалар, чора-тадбирлар белгилаб олинди.

О. Худойберганова.