Дунёнинг кўпгина давлатлари коронавирус пандемияси туфайли иқтисодий қийинчиликларга дуч келиб, иш ўринлари қисқариб, аҳолиси қашшоқлашиш даражаси ўсиши кузатилган 2020 йилда ҳам пандемиянинг тарқалиб кетишининг олдини олиш ва жиловлашга қаратилган оқилона чора-тадбирлар туфайли мамлакатимизда эпидемологик ҳолат яхшиланиб, бунёдкор халқимиз эртаги кунимизнинг янада обод ва фаровон бўлишига астойдил интилиб меҳнат қилди. Натижада бутун мамлакатимизда бўлгани каби туманимизнинг барча ҳудудлари ҳам замонавий қиёфа касб этиб, муҳташам турар жой бинолари, мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, идора, корхоналарнинг маъмурий бинолари, дам олиш, маиший хизмат кўрсатиш масканлари бинолари қурилиб фойдаланишга топширилди.
2021 йилнинг 10 январ ҳолатига белгиланган дастур асосида барча манбалар ҳисобидан 50 миллиард 672 миллион сўмлик инвестициялар ва бошқа маблағлар ўзлаштирилди. Булар асосан 8 та мактабни, 6 та мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш, туман Маданият бўлими маъмурий биносини мукаммал таъмирлашга сарфланди. 7 та кўп қаватли уй-жойлар мукаммал таъмирланди, 5 та кўпқаватли уйлар янгидан қурилди, 6,9 километрлик янгидан ичимлик суви қувурлари тортилди. 7,93 километрлик давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобил йўллари жорий таъмирланди, шунингдек, 11 та бошқа объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Бундан ташқари 2019 йилги “Обод қишлоқ” Дастури доирасида қурилиши тугалланмаган 3 та мактабгача таълим ташкилотларининг реконструкцияси 2-босқич учун 4 миллиард 263 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳам 2020 йилда тўлиқ бажарилди. Туманда ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида 2 қаватли замонавий “Ёшлар ўқув маркази” биноси қурилиши давом эттирилмоқда.
Туманимизнинг Гулзор маҳалласида жами баҳоси 12,3 миллиард сўмлик 72 хонадонли 4 қаватли 3 та арзон уй-жойлар қурилиши давом эттирилмоқда. Ушбу объектларни 2021 йил апрель ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. 2020 йилда лойиҳа қиймати 1 миллиард 145 миллион сўм бўлган 6,9 километрлик янги сув тармоқлари тортилиб, фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, Инвестиция дастурига мувофиқ Юсуф хўжа аҳоли пунктида 2,8 километр, Олмазор ва Янгиобод маҳаллаларида 4 километрдан ортиқ янги сув тармоғи тортилиб, фойдаланишга топширилди.
2021 йил учун белгиланган режалар янада юксак. Ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларини яхшилаш мақсадида туманда келгуси йил учун белгиланган дастурлар асосида барча манбалар ҳисобидан 76 миллиард 525 миллион сўмлик жами 22 та объектларда инвестициялар ва бошқа дастурлар асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади. Ушбу дастур асосида 1 та мактаб, 1 та мактабгача таълим ташкилоти биноларини реконструкция қилиш, 1 та туғруқхона биносини янгидан барпо этиш, 27 та кўп қаватли уй-жойларда мукаммал таъмирлаш ва қурилиш ишлари, 7,2 километр ичимлик сув қувурларини тортиш ва 1 та сув иншоотини реконструкция қилиш, 3,35 километр давлат ва маҳаллий ахамиятидаги автомобил йўлларини жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
2021 йилда Холимбег, Қангли, Қипчоқ овуллари ҳамда Уйшин маҳалласи ҳудуди оптик толали интернет тармоғи билан тўлиқ қамраб олинади.
Оқ олтин овули ҳудудида жойлашган 37-сонли сув тарқатиш иншооти реконструкция қилиниб, 7,2 километр сув тармоғи янгидан тортилади.
Шунингдек, “Обод қишлоқ” Давлат дастури асосида 5 та маҳалла - Хитой, Куюк кўпир, Бобур овуллари, Аёқчи маҳалласи ҳамда Жумуртов шаҳарчаси ижтимоий соҳа объектлари ва инфратузилма объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган.
Амалга оширилаётган бунингдек бунёдкорлик ишлари туманимиз қиёфаси яна ҳам гўзаллашиб, аҳоли турмуши сифати яхшиланишига хизмат қилади.
Ойгул РАЖАБОВА.