Мамлакатимизда сув ресурсларига бўлган талаб тобора ортиб бораётгани инобатга олиниб, ундан тежамли ва самарали фойдаланиш асосида суғориладиган майдонлардан олинадиган ҳосил миқдорини ошириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, сифатини яхшилаш ҳамда ички бозорнинг тўкинлигини таъминлаш орқали аҳоли турмуш даражасини яхшилаш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилаяпти.
Бутун республикамизда бўлгани каби туманимизда ҳам суғориш йўллари босқичма-босқич тозаланиб, гидротехник иншоотлар ўз вақтида таъмирланмоқда, сувни кўп талаб қилувчи экинлар ўрнига янги интенсив боғлар барпо этилаётир. Натижада сувни тезкор бошқариш, истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб бериш таъминланмоқда, сув исрофига барҳам берилаётир.
Шунингдек, сув тежовчи технологияларнинг кенг жорий этилиши ҳам кейинги йилларда ҳар уч-тўрт йилда бир марта такрорланаётган сув танқислигини юмшатишга ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Бунга эгатга плёнка тўшаб суғориш, ўқариқлар ўрнига эгилувчан қувурлардан фойдаланиш, томчилатиб суғориш усуллари киради.
17 январь куни туманимизнинг “Хизр эли” маҳалласида фаолият юритаётган “Ражабов-Омонбой” фермер хўжалиги даласида томчилатиб суғориш технологиясининг афзаллигини тарғиб этиш, жорий қишлоқ хўжалиги йилида ушбу технологиядан фойдаланиш эвазига сув тақчиллигининг олдини олиш мавзусида кўргазмали семинар-кенгаш бўлиб ўтди.
Тадбирга туманимиздаги муқобил машина-трактор парклари, фермер хўжаликлари раислари, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари иштирок этдилар.
“Ражабов Омонбой” фермер хўжалиги - кўп тармоқли хўжалик ҳисобланади. Жорий йилда хўжаликнинг 45 гектар ерига пахта экиш ва шунинг 30 гектарига томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш режалаштирилган.
Кўргазмали семинар-кенгашда иштирок этган Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Алишер Ёқубов, Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Аловиддин Мамадкаримов, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлигининг шартнома бўлими ходими Бектурди Қуввақов, туман ҳокими ўринбосари Файзулла Саъдуллаевлар туманимизда 2021 йилда экин майдонларда сув тежовчи томчилатиб суғориш усулини кенг жорий этиш, бундан кутиладиган ижобий натижалар хусусида батафсил тушунтирдилар ва ушбу усулни қўллаш амалиёти билан таништирдилар.
Шуниси эътиборлики, жорий йилда туманимизнинг 2 минг 860 гектар экин майдонини томчилатиб суғориш усулида суғориш режалаштирилмоқда ва бунинг учун фермер хўжаликлари раислари томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш бўйича пудратчи ташкилотлар билан шартнома тузган.
Кўргазмали семинар-кенгашда бу борада амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар атрофлича тушунтирилди. Муқобил машина-трактор парклари мутахассислари, фермер хўжаликлари раислари мавзу юзасидан масъулларга ўзларини қизиқтирган саволларни бериб, атрофлича жавоблар олдилар.
Ойгул РАЖАБОВА.