АҲОЛИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ФАРОВОНЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ БУРЧИМИЗ

Туман янгиликлари

Амударё тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан вақтинча ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, пандемия шароити билан боғлиқ чекловлар туфайли чет давлатларга чиқиб ишлаш учун кетаолмаган меҳнат муҳожирларининг даромад топишларига кўмаклашиш, уларни касбга ўқитиш, тил ўргатиш, тадбиркорлик фаолиятларини бошлашларига шароит яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Бандлик Дастурига мувофиқ, 2020 йил давомида 5463 нафар фуқаронинг мурожаати рўйхатга олиниб, фаол иш қидирувчилардан 3281 нафари марказ томонидан ишга жойлаштирилди.

Шунингдек, 535 нафар иш билан банд бўлмаган фуқароларга ихчам иссиқхоналар ва суғориш воситалари учун 1 млрд. 627 млн. сўмлик субсидия ажратилди. Бундан ташқари, 7 нафар фуқароларга малакасини ошириш учун 12,4 млн. сўм, 17 нафар фуқароларга тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида рўйхатдан ўтишлари учун 3,8 млн сўм субсидия тўлаб берилди.

Ўтган 2020 йил давомида туманда қишлоқ хўжалиги йўналишида 4 та кооператив ташкил қилиниб, уларга “Темир дафтар”га киритилган 110 нафар ишсиз фуқаролар жалб этилди ва жамғарма маблағлари ҳисобидан 245,3 млн. сўм субсидия маблағлари йўналтирилди.

Шунингдек, марказ томонидан 2020 йилда 5 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил қилиниб, ярмаркага 166 та корхона ва ташкилотлардан 1179 бўш иш ўринлари таклиф қилинди ва 89 нафар шахсга ишга йўлланма берилди.

Жамоат ишлари жамғармасига ажратилган маблағлар ҳисобидан жами 2093 нафар аҳоли жамоат ишларига жалб қилинди ва уларнинг иш ҳақи тўлови учун жамғармадан 2 млрд. 850 млн. сўм маблағ тўлаб берилди.

Туманда 2020 йилда 1470 та янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган бўлиб, бу борадаги режа 112,4 фоизга бажарилди. Бундан ташқари, 536 та ишсиз фуқароларга 215,2 млн. сўмлик ишсизлик нафақаси тайинланди ва тўлаб берилди.

Меҳнат муҳожирларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳам самарали бўлди. Пандемия туфайли яшаш жойларига қайтиб келган 3237 нафар меҳнат муҳожирларидан 2723 нафарининг бандлигини  таъминлашга эришилди.

“Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармон асосида 19 нафар фуқарога махсус комиссия томонидан уй-жой олиш учун тавсия берилди ҳамда уларга жами 346 млн сўм маблағ уй-жойнинг бошланғич бадали сифатида тўлаб берилди.

Туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан янги 2021 йилда ҳам аҳолининг ишсиз қатламини ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқаролар учун камида 1569 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилмоқда. Жорий йилда Бандлик дастурига мувофиқ, 3505 нафар фуқаро ишга жойлаштирилади ва  500 нафар ишсиз фуқароларга 667,5 млн. сўмлик ишсизлик нафақаси тайинланади.

220 нафар вақтинча ишсиз фуқаролар касбга ўқитилади, 115 нафар меҳнат муҳожирлари турли хил йўналишда касбга ва чет тилларига ўқитилади. Эҳтиёжманд оилаларга 460 та ихчам иссиқхоналар қуриб бериш учун 3 млрд. сўмлик субсидиялар ажратилиши кўзда тутилган. 2500 нафар ишсиз фуқаролар жамоат ишларига жалб қилинади, шунингдек, 6 та меҳнат ярмаркаси ўтказилади. Ушбу амалга ошириладиган ишлар натижасида туманда ишсизлик даражасини 9 фоизга тушириш режалаштирилмоқда.

Бу каби кўрилаётган барча чора-тадбирлар аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш орқали уларнинг иқтисодий фаровонлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, камбағалликни қисқартиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Фарҳод АҲМАДОВ, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори.