Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва бошқа масъуллар туманимизга ташриф буюриб, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишларни тизимли ўрганишмоқда. Қарор ижроси юзасидан парламент назоратини амалга ошириб, юзага келаётган муаммоларни жойида ҳал этишда яқиндан кўмак беришмоқда.
Жорий йил 18 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Борий Алиханов ҳам Амударё туманида бўлиб, амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар, туманнинг шароити оғир овул ва маҳаллаларда яшаётган аҳоли ҳаёти билан танишди. Сенатор Амударё туманида ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир деб топилган 3 та овул ва маҳаллалар масъуллари билан учрашди.
Амударё туманида 3 та, яъни Қипчоқ овули, Намуна, Чордара маҳаллалари ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир деб топилган. Ушбу маҳаллалардаги ижтимоий соҳа объектлари ва инфратузилма объектларининг ҳолатини яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Бу бўйича бош режалар ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур фуқаролар йиғинларидаги маъмурий биноларда реконструкция ва жорий таъмирлаш ишлари бажарилиши белгиланган. Ундан ташқари, ушбу ҳудудларда жойлашган кўп қаватли уйларнинг том қисмини мукаммал таъмирлаш, болалар майдончаси ва хожатхоналарни янгидан қуриш ишларини бажариш кабилар режага киритилмоқда. Шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида овул ва маҳаллалардаги ички кўча йўлларини таъмирлаш, пиёдалар йўлакчасини қуриш кўзда тутилмоқда. Айниқса, электр таъминотини яхшилаш, мавжуд газ тарқатиш пунктларини мукаммал таъмирлаш, ҳудудлардаги аҳоли хонадонларига юқори тезликдаги интернет ва алоқа тармоқларини тортиш кабиларга алоҳида эътибор қаратилиб, бу бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилмоқда.
Сенатор тумандаги масъуллар билан биргаликда ҳар бир ҳудуддаги ҳолатни, мавжуд шарт-шароитни кўздан кечириб, ўрганиб чиқди. Ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир деб топилган мазкур ҳудудлардаги фуқаролар йиғинлари масъуллари билан бўлган учрашувда аҳолини қийнаётган муаммолар, уларга ечим топиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан қизиқди. Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни эса бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.
19 январь куни туманимизга ташриф буюрган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Зуҳра Реймова ҳам бу борада амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир деб топилган Қипчоқ овули, Намуна, Чордара маҳаллалари масъуллари билан учрашди. Ҳудудларда яшаётган аҳоли турмуш даражасини ўрганиб, уларнинг яшаш шароитини яхшилаш бўйича кўрилаётган, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” асосида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан қизиқди. Учрашув давомида Президентимизнинг «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш борасидаги амалий ишлар, тадбиркорларга яратилаётган қулайлик ва имкониятлар билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу Қарори ижросини таъминлаш борасида туманда бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2020-2022 йилларда жами 77 та лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Уларга 457 млрд. 460 млн. сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Шундан 141 млрд 171 млн. сўм тадбиркорларнинг ўз маблағи, 13 млрд 810 млн. сўм банк кредитлари, 17 млн 810 минг доллар хорижий кредит линиялари маблағлари, 11,5 млн. доллар эса хорижий инвестиция маблағларидир. Ушбу лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида 2 616 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.
Зуҳра Реймова тумандаги масъуллар билан биргаликда қатор инвестиция лойиҳаларини кўздан кечирди. Тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, лойиҳаларни амалга оширишда юзага келаётган муаммоларни муҳокама қилди. Камчиликларни бартараф этиш, муаммоларга ижобий ечим топиш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, таклифлар берди.
О. Худойберганова.