Амударё тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимида бугунги кунда 78 нафар шахсий таркиб, шу жумладан, 6 нафар шартнома асосидаги ҳарбий хизматчилар ва 72 нафар ишчи-хизматчилардан иборат жамоа меҳнат қилади.
Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин назорати ва профилактикаси, порматив-техник, фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими ва фуқаро муҳофазаси фаолиятини ташкил этиш, хавфсизлик тарғиботи, ёнғин-қутқарув қисмларидан иборат йўналишларда иш олиб боради.
Ёнғин назорати ва профилактикаси йўналиши бўйича давлат тасарруфидаги объектларнинг ёнғинга қарши ҳолатини кўрикдан ўтказиш, камчиликлар учраса – ёзма кўрсатмалар бериш, ижроси таъминламаса, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий жарималар қўллаш амалга оширилади. Аҳоли ҳонадонларининг ёнғинга қарши ҳолати кўздан кечирилиб, мавжуд муаммолар бартараф этиш бўйича йўл-йўриқлар берилиб, ёнғинларнинг, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш борасида тарғибот-ташвиқот олиб борилади. Шунингдек, содир бўлган ёнғинларнинг сабаблари ўрганилади, терговга қадар текширув ишлари олиб борилади.
Норматив – техник йўналишда янгидан қурилиши режалаштирилган бино-иншоотлар ёки тадбиркорлик соҳасига тегишли қурилиш ишлари учун ажратилаётган ер майдонлари ўрганилади ва хулосалар берилади. Қурилиш объектларида ёнғин ва техника хавфсизлигига риоя қилиниши бўйича жойига чиқиб ўрганилади.
Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими ва фуқаро муҳофазаси фаолиятини ташкил этиш, хавфсизлик тарғиботи, ёнғин-қутқарув қисмлари йўналишлари бўйича олиб бориладиган ишлар ҳам жуда долзарб ва аҳамиятлидир. Ҳар ҳафтанинг чоршанба куни “Фавқулодда вазиятлар ва ёнғинлар профилактикаси куни” дея белгилангани муносабати билан амалга оширилаётган чора-тадбирлар бу борада муҳим ўрин тутади. 27 январь куни ҳам “Фавқулодда вазиятлар ва ёнғинлар профилактикаси куни” тадбирлари ўтказилди.
Дастлаб профилактика куни муносабати билан шахсий таркиб аъзолари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, бўлинмалар бошиқларига топшириқлар берилди ва ходимларнинг иш фаолиятига доир лавҳалар намойиш этилди. Кейин Фавқулодда вазиятлар бўлими 3-Касбийлаштирилган ёнғин-қутқарув қисми қутқарувчиларининг касбий тайёргарлиги ва ёнғинни бартараф этиш бўйича саф тайёргарлиги бўйича амалий ва назарий ўқув машғулотлари ўтказилди.
Шундан сўнг Фавқулодда вазиятлар биноси олдида ҳамкорликдаги хизматлар билан 4 та секторларга бўлинган ҳолда ис газидан заҳарланиш, газ ҳаво аралашмаси чақнашининг олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар ўтказиш учун ҳудудларга йўл олдилар.
Тадбирлар давомида Олмазор маҳалла ҳудудида олиб борилаётган қурилиш объектида хавфсизликни таъминлаш бўйича, ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво чақнашининг олдини олиш борасида профилактик суҳбатлар олиб бордилар.
Шунингдек, Бойовул маҳалласидаги кўп қаватли уйлардаги хонадонларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиниши назоратдан ўтказилди, аҳолига ёнғин келиб чиқиши, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш ҳамда ботулизм, овқатдан заҳарланиш, қутуриш касалликларидан сақланиш юзасидан тавсиялар бердилар.
Ўтказилган мазкур профилактик тадбирлар туманимиз аҳолисининг тинч-осойишталигига хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.
О.РАЖАБОВА.