Коронавирус пандемиясига чалинган кўплаб фуқароларнинг ҳаётдан бевақт кўз юмганлиги юртимиз аҳолисининг соғлиғи, жисмоний етуклиги паст даражада эканлигини кўрсатганини инобатга олиб, мамлакатимиз Президенти 2020 йилнинг 30 октябрида “Соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва омммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини қабул қилган эди.
Қарорда зарарли одатлардан воз кечиб, оммавий спорт билан доимий шуғулланиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини меъёридан ортиқ истеъмол қилмаслик, соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётга айлантириш лозимлиги таъкидланган эди. Боиси, шу орқали ҳар бир фуқарода турли касалликларга қарши иммун тизими пайдо бўлади.
Шунингдек, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, тиклаш ва реабилитация ишлари ҳамда оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил этиш юзасидан тегишли соҳалар масъулларига улкан вазифалар юкланган эди.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш юзасида туман Тиббиёт бирлашмасида ҳам кўпгина чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, шу йилнинг 30 октябрида шанба – “Саломатлик куни” муносабати билан ўтказилган тадбирлар бунга мисол бўла олади.
Саломатлик куни тадбирлари Тиббиёт бирлашмаси маъмурий биноси олдидаги майдончада гимнастика ва фаол юриш машқлари билан бошланди. Бирлашмада меҳнат қиладиган турли ёшдаги ходимларнинг гимнастика машқларини бажаришлари, фаол юриши деярли қийинчилик туғдирмади. Негаки тиббиёт ходимлари жисмоний фаоллик самараларини чуқур ҳис қилишади ва ҳаётда соғлом яшашга интилишади.
Шундан сўнг тиббиёт ходимлари тажрибали шифокор ва патронаж ҳамширалар учта гуруҳга бўлиниб, соғлом яшаш тамойилларини амалий усулда намойиш қилиб бердилар.
Биринчи – соғлом овқатланиш гуруҳи аъзолари Манғит шаҳридаги “Афрўза” кафесида Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғини маъсуллари ва фаолларига соғлом овқланиш қоидалари, тўғри овқатланиш тушунчаси ҳақида маълумотлар бердилар. Бир кунда бир одам ёши, жинси, меҳнат фаолияти туридан келиб чиқиб, истеъмол қилиши мумкин бўлган озиқ-овқат миқдори ва сарфланадиган энергия мослиги ҳақида кўргазмали равишда тушунтирилди.
Иккинчи гуруҳ аъзолари эса маҳалла ҳудудидаги сунъий қопламали мини футбол майдончасида маҳалла аҳолиси иштирокида “Отам, онам ва мен – спортчи!” шиори остида спорт мусобақаларини ўтказишди.
Учинчи гуруҳ аъзолари Навоий номли маҳалла масъуллари ва фаоллари иштирокида маҳалладаги хонадонларда санитария-гигиена қоидаларига амал қилинишини кўздан кечирдилар. Оилада ҳар кимнинг шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, қўл ювиш тартиби, ошхонани озод сақлаш қоидалари аҳолига кўргазмали равишда тушунтирилди.
Саломатлик куни тадбирлари давомида аҳоли ўзларига зарур кўпгина тиббий билимларга эга бўлдилар.
Ҳаётда одамнинг бахтиёр ва эмин-эркин яшаши кўп жиҳатдан унинг саломатлигига боғлиқ. Жисмоний фаоллик – соғлом бўлиш шартларидан бири эканлиги Саломатлик кунида кенг тарғиб қилинди.
Ойгул РАЖАБОВА.