СЕКТОРЛАР РАҲБАРЛАРИ ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Туман янгиликлари

Ёш авлодга эътибор ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётган айни даврда уларнинг орзу-истаклари, қизиқиш ва интилишлари билан танишиш, шунга кўра рағбатлантириш асосий масалага айланди. Президентимиз ҳам бу борада 2020 йил 29 декабрь кунги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ва мамлакатимизда биринчи бор ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форумида ёшларга оид давлат сиёсатини тўлақонли рўёбга чиқариш бўйича энг долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Жорий йилнинг 3 февраль куни Амударё туман ҳокимлиги мажлислар залида ушбу вазифалар ижросини таъминлаш ва ёшларни қийнаётган муаммолар билан танишиш, бартараф этилишга кўмаклашиш мақсадида Президентнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси мудири Салауатдин Худойбергенов бошчилигида ёшлар билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикасидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири Ринат Айтмуродов, Қорақалпоғистон Республикаси 4 та сектор раҳбарларининг ўринбосарлари яъни, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Мурат Жуманов, Республика Прокуратураси бўлим бошлиғи Алишер Раҳимов, Республика Ички ишлар вазири ўринбосари Ислом Аҳмедов ҳамда Республика Давлат Солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сабит Ерниязов, Амударё тумани ҳокими Султонбой Йўлдашев, Президентнинг Амударё туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Эркин Ражабов, Бош Вазирнинг Амударё туманидаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири Акбар Хўжамуродов ва тумандаги бошқа корхона-ташкилотлар раҳбарлари, фаол ёшлар қатнашди.

Масъуллар томонидан дастлаб, мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларнинг комил инсонлар, келажакка муносиб ворислар бўлиб етишишлари учун яратилаётган имконият ва шароитлар хусусида сўз юритилди. Шунингдек, туманда бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар, асосан “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтар”ига рўйхатга олинган ёшларга, тадбиркорликка қизиқувчи ёшларга қаратилаётган эътибор кабиларга кенг тўхталиб, жорий йилда ҳам истеъдодли ёшларнинг қобилиятларини рўёбга чиқариш, ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий етук бўлиб улғайиши, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилгани тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Учрашув давомида “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган ёшлар орасида тадбиркорликка қизиқувчи фуқароларга берилаётган имкониятлар, тумандаги янги иш ўринлари, “Ёшлар: 1+1” дастурининг аӽамияти, бизнес ғояни амалга ошириш ва ажратилаётган субсидияларнинг янги механизми бўйича интерфаол усулда семинар-тренинг ташкил этилди. Шунингдек, кибер жиноятнинг олдини олишга оид видеоролик ҳам намойиш этилди.

Шундан сўнг, секторлар раҳбарлари, тегишли мутасаддилар томонидан ёшларни кийнаётган муаммолар, фикр ва таклифлар тингланиб, атрофлича ўрганилди.

Учрашув давомида 91 нафар ёшлар ўзларини қийнаб келаётган муаммолари, таклифлари билан масъулларга бартараф этилишда кўмак беришларини сўраб, мурожаат қилди. Улардан 24 нафарининг мурожаати жойида ўрганилиб, ижобий ҳал қилинди.

Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири Ринат Айтмуродов ҳам тадбиркорликка қизиқувчи ёшлардан 7 нафарининг мурожаатини қабул қилиб, танлаган йўналишлари бўйича уларга атрофлича тушунчалар берди. Шундан 5 нафар мурожаат эгасининг муаммоси жойида бартараф этилди.

Таъкидлаш жоизки, учрашув давомида бандлик масаласи бўйича қилинган 20 та мурожаатга жойида ечим топилди. Мурожаат қилган ёшлар мутахассислигига, йўналишларига кўра туман Халқ таълими, Мактабгача таълим ва шу каби бошқа корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, иссиқхона қуриш, ер билан таъминлаш ва кредит олиш масалалари бўйича ёшлардан қабул қилинган мурожаатлар ҳам ижобий ҳал қилинди. Мазкур масалада мурожаат қилган ёшларга ҳам муаммоларига ечим топиб, кўмак бериш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди ва жойида ҳал қилинишига эришилди.

Айтиш жоизки, ёшлар ўртасида сўровнома ўтказиш натижасида аниқланган 6 минг 753 нафар ишсиз ва муаммоси мавжуд бўлган ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилиб, 2021 йил давомида ёшлар билан ишлаш бўйича 9 та йўналиш, 74 та банддан иборат чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Ушбу дастур бўйича “Ёшлар дафтари”га киритилган 469 нафар ёшлар қурилиш, 755 нафар ёшлар қишлоқ хўжалиги, 879 нафар ёшлар тарбиркорлик тармоқларида, 1210 нафар ёшлар ўзини-ўзи банд қилиш орқали, 511 нафар ёшларга кредит ажратиш, 95 нафар ёшларга тадбиркорлик учун бино ажратиш, 512 нафар ёшларни вақтинчалик хақ тўланадиган жамоат ишларига, 507 нафар ёшлар ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш орқали бандлиги таъминланади.

Бу каби саъй-ҳаракатлар негизида ёшларни Ватанимизга хизмат қиладиган, юрт тараққиётига ҳисса қўшадиган етук инсонлар қилиб тарбиялашдек юксак мақсадлар мужассамдир.

Озода Худойберганова.