ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ДЕПУТАТИНИНГ АМУДАРЁЛИК ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВИ ЎТКАЗИЛДИ

Туман янгиликлари

Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, деган сўзлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Шу боисдан ҳам ўсиб келаётган ёш авлоднинг чуқур илм олиши, уларнинг ижодий салоҳияти ва иқтидорини намойиш қилишларига шароит яратиш, глобаллашув шароитидаги хавф-хатарларга ва мафкуравий хуружларга мустаҳкам иммунитетни  шакллантириш, ҳаётга қатъий ишончга эга қилиб тарбиялашга улкан эътибор қаратилмоқда. Бу борада ёшлар маънавиятини юксалтириш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш юзасидан Юртбошимиз белгилаб берган бешта муҳим ташаббус доирасида эътиборга арзигулик ишлар амалга оширилаётир.

Муҳтарам Президентимиз Фармони билан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг қабул қилиниши ёшлар ҳаётида муҳим ўзгаришларга асос бўлиши шубҳасиз.

Дастурда ижтимоий соҳани ривожлантириш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ҳамда муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Шу муносабат билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўзлари сайланган ҳудудларда бўлишиб, белгилаб берилган вазифаларнинг жойларда ижросини таъминлашга ҳисса қўшиш, ёшлар орзу-интилишларини тинглаш, муаммоларига ечим топиш мақсадида ёшлар билан учрашувлар ўтказишмоқда.

2 февраль куни Манғит шаҳрида фаолият юритаётган 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида 4-Амударё сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясидан сайланган депутат Зумрад Бекатова туманимиз ёшлари билан учрашди ва самимий суҳбатлашди.

Учрашув йиғилишига туманимизнинг турли соҳаларда меҳнат қилаётган, таълим олаётган ва меҳнат билан банд бўлмаган 120 нафардан зиёд ёшлари иштирок этдилар.

Учрашувни Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи Жасур Давлетов очди. Сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зумрад Бекатова мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими тубдан ислоҳ қилиниб, такомиллаштирилаётгани, ёшларга эътибор кун сайин кучайтирилаётганини айтиб ўтди.

Хусусан, жорий йилдан бошлаб олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент гранти жорий этилади. Илм йўлини танлаган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кейинги йилдан бошлаб, магистратура ва докторантура босқичлари учун Президент стипендияси квотаси икки баробар оширилади, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони икки баробар кўпайтирилади, бир оиланинг икки ёки ундан ортиқ  тўлов-контракт асосида ўқиётган фарзандлари учун имтиёзли кредитлар ажратилади.

Ёшлар депутатнинг маърузасини қизиқиб тингладилар ва ўзларини қизиқтирган саволларини бериб, атрофлича жавоблар олдилар. Учрашув йиғилишида туман ҳокимлиги ташкилий назорат гуруҳи раҳбари Ғуломжон Дуйсенбоев ёшларни яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб ўқиш ва ишда фаол бўлишга чақирди.

Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати