2021 йил 9 февраль куни ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ фуқароларнинг Амударё тумани ҳокимлиги биносига келиб, Манғит деҳқон бозори ҳудудида савдо қилишлари учун тўсқинлик қилинаётганидан норозилиги баён қилинган видеомурожаат тарқалди.
Видеомурожаатда дастлаб ҳокимнинг иш хонасида йўқлигидан шикоят қилинган. Туман ҳокими С.Йўлдашев шу пайтда 82-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган “Сектор раҳбарлари ва ёшлар учрашуви”да иштирок этаётган бўлган. Учрашув тугаганидан кейин ҳоким иш хонасига келиб, ҳоким ўринбосарлари, бозор маъмурияти, туман Давлат солиқ инспекцияси ва бошқа тегишли мутассадилар иштирокида мурожаатчи аёллар билан учрашди.
Мурожаат қилган фуқароларга бозор ҳудудидаги пиёдалар юриш йўлакчасида ноқонуний савдо фаолиятини амалга ошириш йўловчиларнинг ўтишларига тўсқинлик қилиши, қолаверса, тегишли ҳужжатларсиз савдо қилиш қонунга зид ҳолат ҳисобланиб, бозор ҳудудида савдо фаолиятини амалга ошириш учун якка тартибдаги тадбиркор сифатида ёки юридик шахс ташкил қилган ҳолда рўйхатдан ўтиб, белгиланган тартибда ва махсус ажратилган ўринларда савдо қилиш лозимлиги тушунтирилди.
Шуни ҳам айтиш керакки, баъзи савдогарларнинг ноқонуний фаолият юритиши, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўламаслиги бозорда рақобат муҳитининг бузилишига, арзон ва сифати кафолатланмаган маҳсулотларнинг сотилиши эса истеъмолчиларнинг зарар кўришларига сабаб бўлади. Шу сабабли ҳам туман давлат солиқ инспекциясига истеъмолчилар ва “Манғит деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудида қонуний фаолият юритаётган тадбиркорлардан бир неча марта мурожаатлар келиб тушган.
Мурожаат қилган фуқароларга бундан кейин белгиланмаган ўринларда (пиёдалар ўтиш йўлакчалари, автомобиллар тўхтаб туриш жойлари ва ҳ.к) савдо қилишга йўл қўйилмаслиги, тегишли ҳужжатларсиз савдо қилиш эса белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши тушунтирилди.
Мазкур фуқароларга савдо фаолиятини амалга ошириш учун “Манғит деҳқон бозори” МЧЖ маъмурияти томонидан тегишли савдо павильонларидан жой ажратилиши маълум қилинди.
Амударё тумани ҳокимлигининг ахборот хизмати.