Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар!
Аввало, Сиз азизларни, Сизларнинг тимсолингизда бутун туманимиз, юртимиз аёлларини онахонларимизни, қадрли опа-сингилларимиз, латофатли қизларимизни ўзларингиз каби дилбар баҳор фаслининг бошланиши билан, баҳорнинг илк байрами бўлмиш 8 март – халқаро хотин-қизлар куни байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуслари билан мамлакатимизда аёлларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигига барчамиз гувоҳмиз.
Бугун қайси соҳага назар солмайлик, барчасида фидойи ва фаол аёлларимизнинг иштирокини кўрамиз. Мустақил Ватанимизнинг қўлга киритилаётган ютуқларини хотин-қизлармизнинг иштирокисиз тасаввур қилиш қийин.
Туманимизда аҳолисининг 98 минг нафардан ортиғини ташкил қилувчи хотин-қизлар орасида ҳам таълим, тиббиёт, банк, молия, солиқ, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги каби ўнлаб соҳаларнинг фидойилари, ўз соҳасининг етук билимдонлари бор.
8 нафар аёлларимиз депутат бўлиб сайланишган бўлса, 100 нафарга яқин аёлларимиз турли соҳаларда раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Ҳам оилани, ҳам фарзанд тарбиясини, ҳам ишни бирдек эплаётган бундай аёлларимизга ҳар қанча таҳсин айтсак арзийди.
Давлатимиз раҳбари бу йилги Мурожаатномасида бир қатор долзарб масалалар қатори аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлиги таъминлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш каби муҳим мавзуларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Жорий йилги Давлат дастури доирасида хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг оғирини енгил қилиш орқали турмуш фаровонлигини таъминлаш бўйича кўплаб чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилгани фикримизнинг далилидир.
Муҳтарама опа-сингиллар!
Президентимиз таъкидлаганидек, барчамизга шу улуғ сафда туриб бошқаларга ибрат ва намуна бўлиш, жонажон Ватанимиз, азиз халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилиш насиб этсин!
Сизларни яна бир бора гўзаллик ва нафосат айёми бўлган 8 март –халқаро хотин-қизлар куни билан табриклаб, оилаларингиз бағри бутун бўлишини, турмушингиз янада обод, фарзандаларингиз ва яқинларингиз соғ-омон бўлишини, ўзларингиз ҳар жабҳада фаол бўлишларингизни тилаб қоламан.
Бахтимизга доимо омон бўлинг. Байрамингиз муборак бўлсин!