НАВРЎЗ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН АМУДАРЁ ТУМАНИ ҲОКИМИ С.ЙЎЛДАШЕВНИНГ ТУМАН ХАЛҚИГА ТАБРИГИ

Туман янгиликлари

Қадрли юртдошлар!

Биз орзиқиб кутган баҳор, яшариш ва янгиланиш рамзи бўлган Наврўзи олам қутлуғ қадами билан ўлкамизга кириб келмоқда.

Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрк-у зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга янада чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда. Наврўзи олам халқимиз, давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, энг қадимий ва навқирон айём сифатида катта шодиёна билан нишонланади.

Ушбу айём билан Сизларни, Сиз орқали бутун туманимиз аҳлини чин қалбимдан самимий муборакбод қиламан. Ҳаётингиз баҳор тонгидек тиниқ, бахтли ва фаровон бўлсин! Шарқона Янги йилимиз – Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ ва баракали келсин!

Наврўз тилга олиниши билан улуғ ҳазрат Алишер Навоийнинг: “Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг бўлсин Наврўз!” деган гўзал бир сатрлари ёдимизга тушади. Биз ушбу сатрларни наинки ҳар галги Наврўзда, балки йилимизнинг ҳар бир кунида тилга оламиз, ана шу эзгу тилак билан яшаб, меҳнат қиламиз. Неча минг йиллик тарихга эга бўлган Наврўз байрами кунларида бу оҳорли сатрлар янада баландроқ жаранглайди.

Наврўз куни даласига уруғ сочган деҳқон, боғ-роғига оро берган боғбон, элга ризқ-рўз, рўшнолик тилаб, сумалакка уринган онахонлар тилидан тушмайдиган бу эзгу тилак халқимиз тарихий хотирасининг, бебаҳо маънавий давлатининг бетакрорлигидан далолатдир.

Она заминда яшилланиш, яшариш ва яшнатиш дамлари бошланаётир. Дилларда шукроналик туйғуси билан улуғ ниятларга ошно яшаётган халқимиз ўтган йилги Наврўздан бу йилги Наврўзгача синовли дамларни бошидан кечирди. Ҳамиша бағри кенг, қалби меҳр-муҳаббатга, самимиятга тўла халқимиз коронавирус пандемиясини ҳам сабр-матонати билан енгиб чиқишига ишонамиз. Сovid-19 билан курашда неча юзлаб эл-юрт фидойилари – шифокорлар, санъаткорлар, давлат ва жамоат арбоблари, миллат оналари эрта вафот этдилар. Йўқотишлар, синовлар қаршисида жасорат ва матонат намуналарини кўрсатган халқимиз минг шукурки, яна Наврўзга етишди.

Юртимизнинг ҳар бир гўшаси бугун қутлуғ ва Янги кун – Наврўз тараддудида. Неча минг йиллик тарихий хотираларни, боқий қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни, миллий ўзликни ўзида мужассам этган Наврўзий удумлардан маънавий озиқ олган кўп миллатли халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ҳар бир қалбга хотиржамлик бағишлайди.

Наврўз кунларида неча минг йиллик анъана ва қадриятларимизни янгидан кашф этамиз, қандай буюк тарих, қандай буюк маданият ворислари эканимизни яна бир бор англаймиз ва бундан қалбларимиз ғурур ва ифтихорга тўлади. Хайр-у саховат, бағрикенглик каби хислатлар бу айём чоғида янада яққолроқ намоён бўлади.

Кексаларнинг дуосини олиш, етим-есирларнинг бошини силаш, муҳтож ва кўнгли ярим одамларга беминнат ёрдам бериш каби юксак фазилатлар Наврўз айёмида яна бир бор ўз тасдиғини топади.

Бугун нафақат мамлакатимиз, балки туманимизнинг ҳар бир овули ва маҳалласида, ҳар бир хонадонда Наврўз билан боғлиқ анъаналар, байрамона тадбирлар бошланиб, бу тадбирларда бутун халқ иштирок этаётгани қалбларимизга қувонч бағишлайди.

Қадрли юртдошлар!

Ўтган йилги Наврўздан 2021 йил Наврўзигача туманимизда намунавий лойиҳалар асосида умумий қиймати 6 млрд. 593 млн. сўм бўлган 2 та кўп қаватли, 48 та хонадонли уй-жойлар қурилди.

2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да келажак авлодга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг мантиқий давоми сифатида намунавий лойиҳалар асосида яна 3 та кўп қаватли 72 та хонадонли уйлар қурилиши ва ўз эгаларига топширилиши кутилмоқда.

Энг қувонарлиси, жорий йилда Амударё устидан ўтадиган темир йўл ва автомобиль йўли қўшма кўприги қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Янгидан қурилиши бошланган ушбу кўприкнинг узунлиги 412,7 метр, баландлиги 11,5 метр, кенглиги 8,5 метрни ташкил қилади ва шу билан бир қаторда 79 км. узунликда “Шовот-Гурлан-Жумуртов-Қораўзак” темир йўл линияси барпо этилади.

Азиз юртдошлар !

Тун ва кун тенглашган ушбу дамлардан бошлаб Янги кун – янги йил бошланади. Оиласи, элу-юртнинг ризқини ўйлаб, қадрдон даласига йўл олаётган заҳматкаш бобо деҳқонларимизнинг баҳори бошланади.

Йилимиз қутлуғ келиб, дарёларимиз сувга, хирмонларимиз ҳосилга тўлишини кўрмоқ ҳар биримизга насиб қилсин.

Муҳтарам отахон ва онахонлар!

Мунис опа-сингиллар!

Халқимизнинг ишончи ва таянчи бўлган навқирон ёшлар!

Сизларни яна бир бор элимизга кириб келаётган Наврўзи олам билан чин қалбимдан табриклайман. Наврўздан кейин бошланажак шарқона янги йилда ҳар бир хонадонга, юртимизга тинчлик-хотиржамлик, бахту-саодат, ободлик ва фаровонлик ёр бўлсин!

Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

Cултонбой ЙЎЛДАШЕВ, Амударё тумани ҳокими.