2021 йил 21 март куни ижтимоий тармоқларда “Қорақалпоқ ҳокимлари қаёққа ғойиб бўлишди?” мавзусида видеолавҳа тарқалди.
Ушбу видеолавҳадаги ҳолат жорий йилнинг 9 февраль куни содир бўлган бўлиб, YouTube’даги каналга айрим ғараз ниятдаги шахслар буюртмасига кўра, аҳолида ҳокимликдан норозилик кайфиятини уйғотиш мақсадида қайтадан монтаж қилиб жойланган.
Видеолавҳада бир гуруҳ фуқароларнинг Амударё тумани ҳокимлиги биносига келиб, Манғит деҳқон бозори ҳудудида савдо қилишлари учун тўсқинлик қилинаётганидан норозилиги, туман ҳокимининг иш хонасида йўқлиги баён қилинган.
Фуқаролар ҳокимлик биносига келган вақтда (9 февраль, сешанба куни) туман ҳокими 82-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган “Сектор раҳбарлари ва ёшлар учрашуви” (http://amunews.uz/news/6396)да иштирок этаётган бўлган.
Учрашув тугаганидан кейин ҳоким иш хонасига келиб, тегишли мутасаддилар иштирокида мурожаатчи аёллар билан учрашган. Мурожаат қилган фуқароларга бозор ҳудудидаги пиёдалар юриш йўлакчасида ноқонуний савдо фаолиятини амалга ошириш йўловчиларнинг ўтишларига тўсқинлик қилиши, қолаверса, тегишли ҳужжатларсиз савдо қилиш қонунга зид ҳолат эканлиги тушунтирилган.
Шуни айтиш керакки, Манғит деҳқон бозорида сотувчиларнинг санитария нормаларига амал қилган савдо қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Сотувчи ва харидорларга янада қулайлик яратиш мақсадида жорий йил март ойининг биринчи ярмида 24х10 метр ўлчамдаги 48 ўринга мўлжалланган янги бостирма (навес) қурилиб, ишга туширилган.
Шунингдек, бозор ҳудудидаги бўш турган 866 квадрат метр майдон бетон қилиниб, унинг устига 52х11,5 м ўлчамдаги катта бостирма қурилмоқда. Бостирма ишга туширилиши билан 104 та янги савдо нуқтаси яратилади.
Мурожаат қилган фуқароларга “Манғит деҳқон бозори” МЧЖ маъмурияти томонидан тегишли савдо павильонларидан жой таклиф қилинган.
Амударё тумани ҳокимлиги жисмоний ва юридик шахслардан бозор ҳудудида санитария қоидаларига амал қилиб, белгиланган раста ва дўконларда савдо фаолиятини амалга оширишни сўрайди.
Амударё тумани ҳокимлигининг ахборот хизмати.