FЕRMЕR XO‘JALIKLARI VA TOMORQA YER EGALARI KЕNGASHI MAS’ULLARI “GULMIRZA SIYTAK” FЕRMЕR XO‘JALIGI PAXTAKORLARI BILAN UCHRASHDI

Туман янгиликлари

Туманимизда кун сайин маррага яқинлашаётган фермерлар кўп. Бугунги кунда қайси фермер хўжалиги даласида бўлсангиз, қизғин меҳнат палласига гувоҳ бўласиз. Куз ойининг ҳар бир лаҳзасини ғанимат билиб, йиғим-терим суръатига суръат қўшаётган ижарачи-деҳқонлар, кўнгилли ҳашарчилар эса пахта далалари бошида  яратилган шарт-шароитлардан мамнун.
Жорий йилнинг 22 сентябрь санасида Ўзбекистон Республикаси фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раисининг ўринбосари Ҳайдар Тожимуродов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Дуйсенбай Ўтарбаевлар “Гулмирза Сийтак” фермер хўжалиги далаларида бўлишиб, йиғим-терим ишларининг бориши, теримчи ва кўнгилли ҳашарчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.
Чойкўл овулидаги “Гулмирза Сийтак” фермер хўжалигида ҳам йиғим-терим мавсуми ишлари яхши ташкил этилгани боис,  ижарачи-теримчилар ва кўнгилли ҳашарчилар ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилишиб, фермер хўжалиги хирмонининг тобора юксалишига муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Овул ҳудудидаги Давронбек Сийтаков раҳбарлик қилаётган мазкур фермер хўжалиги деҳқонлари жорий қишлоқ хўжалиги йилида 60 гектар майдонга барака уруғи қадаб, “Amudaryotex” масъулияти чекланган жамият шаклидаги кластер корхонаси билан 192 тонна пахта топшириш бўйича шартнома тузишган. Ушбу шартномавий режани шараф билан бажаришга аҳд қилган фермер хўжалиги пахтакорлари ғўза парвариши билан боғлиқ барча мавсумий агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли адо этдилар ва далаларда мўл пахта ҳосили етиштирдилар. Айни кунда хўжаликда ҳосил йиғим-теримида кунига 100 нафарга яқин теримчилар ва кўнгилли ҳашарчи-ёшлар иштирок этишмоқда. Уларнинг ғайрат-шижоатлари билан фермер хўжалиги далаларидан кунига 11,5-12 тонна юқори сифатли пахта хом ашёси йиғиб-териб олинмоқда.


Фермер хўжалиги далаларида меҳнат қилаётган кўнгилли ҳашарчилар орасида кўп минг килограммчи теримчилар талайгина. Теримчиларга иш ҳақлари ҳар беш кунда ҳисоб-китоб қилиб берилаётгани туфайли терим суръати ҳам, сифати ҳам юқори.
Қизғин меҳнат майдонига ташриф буюрган масъуллар фермер хўжалиги ижарачилари – кунига биргалашиб, салкам ярим тонна пахта тераётган опа-сингил Ўрозгул Сийтакова ҳамда Муяссар Гулмирзаеваларга Ўзбекистон Республикаси фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан совғалар топширишди.


Хўжалик далаларида ҳосил мўл. Етиштирилган ҳосилнинг бир мисқолини ҳам нобуд қилмай йиғиштириб олишга ҳаракат қилаётган хўжалик пахтакорлари, аввало пахтанинг тоза, чаноқларда қолдирмай терилишига алоҳида эътибор қаратишмоқда. Терилган пахтани тарозида тортиш, трактор тиркама-араваларига юклаш, пахта қабул қилиш пунктларига ташиш ишларида ўрнатилган қатъий назорат туфайли йиғим-терим мавсуми муваффақиятли давом эттирилмоқда. Бундан ташқари, хўжалик далаларида бир текис униб чиққан кузги буғдой парваришига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, кузги агротехник тадбирлар сифатли олиб борилмоқда.   

Рисолат Ибрагимова.