Мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, фарзандларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, уларнинг қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Таълим соҳаси ривожи йўлида олиб борилаётган бу каби ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Умумтаълим мактаблари битирувчиларининг олий таълимга қамров кўрсаткичининг тобора ортиб бораётгани фикримизнинг исботидир.
Амударё туманида 2020-2021 ўқув йилида умумтаълим мактаблари битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи янада ошди. Бунга эса, албатта, таълим соҳаси ривожи борасидаги ислоҳотлар ижросини таъминлаш, таълим берувчи ва таълим олувчилар учун барча имкониятлар ҳамда шароитларнинг яратилиши, умумтаълим мактабларида таълим сифати ва самарадорлиги оширилиши натижасида эришилди.
Устоз ва мураббийлар байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири Рустам Реимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Мухтор Юсуповлар туманимизга ташриф буюрдилар. Ташриф чоғида масъуллар Қизилчоли овулида жойлашган 9-сонли мактабдаги, яъни Мухтор Юсупов ўқиган таълим масканидаги устозлар ҳамда ўқувчилар билан учрашдилар.
Учрашувда Рустам Реимов сўзга чиқиб, Амударё туманида таълим соҳаси ривожи йўлида тизимли ишлар амалга оширилаётганини эътироф этди. Шу муносабат билан ҳамда халқ таълими соҳасига бўлган юксак эътибори, соҳани янада тараққий эттиришга қўшган беқиёс ҳиссалари учун туман ҳокими Султонбой Йўлдашевга “Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонини топширди. Рустам Реимов мактаб жамоасининг келгусидаги фаолиятида муваффақият тилаб, байрам билан муборакбод этди ҳамда мактаб кутубхонасига турли адабиётлар тўпламини совға қилди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Мухтор Юсупов ўзи ўқиган мактабдаги устоз ва мураббийларни касб байрамлари билан самимий табриклаб, келгусидаги ишларида зафарлар тилади. Мухтор Юсупов мактаб ўқувчилари билан суҳбатлашиб, уларни илм-фан сирларини чуқур эгаллашга, келгусида Ватан хизматига ярайдиган комил инсон бўлиб етишишга даъват қилди. Шунингдек, байрам муносабати билан мактаб кутубхонаси ҳамда ўқувчиларга турли бадиий адабиётлар совға қилди.
Шундан сўнг, масъуллар Мухтор Юсуповнинг биринчи устози, узоқ йиллик тажрибага эга бўлган бошланғич синф ўқитувчиси Мадрим Утегеновнинг хонадонида бўлдилар ҳамда устозни байрам билан табрикладилар. Фахрий устоз Мадрим Утегеновнинг узоқ йиллар давомида олиб борган самарали ўқитувчилик фаолияти ҳамда таълим тизимини ривожлантиришга қўшиб келган ҳиссалари муносиб рағбатлантирилди ва унга Республика Халқ таълими вазири Рустам Реимов “Қорақалпоғистон халқ таълими аълочи” кўкрак нишонини топширди.
Эл ардоғидаги фахрий устоз Мадрим Утегенов бу каби эътибор ҳамда рағбатдан жуда миннатдор бўлди. Шогирдларининг мартабаси бундан ҳам улуғ бўлишини, Ватан хизмати йўлидаги масъулиятли бурчини бажаришда сабр ва матонат ҳамда янги зафарлар тилади.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.