YURIDIK XIZMAT KO‘RSATISH MARKAZI FAOLIYATI TARTIBI, FUNKSIYA VA VAZIFALARI TUSHUNTIRILDI

Туман янгиликлари

Шу йил 1 октябрдан бошлаб республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари иш бошлади.

Юридик хизмат кўрсатиш марказлари давлат ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, мулкий ҳамда бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби йўналишларда фаолият кўрсатади.

28 октябрь куни туман Маданият бўлимида Юридик хизмат кўрсатиш маркази масъуллари томонидан Президентимизнинг бу борадаги Қарори мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида йиғилиш ташкил этилди. Йиғилишда Марказ бошлиғи Нилуфар Жуманиёзова ва бош юрисконсульт Саиджон Султоновлар қатнашишди.

 Марказ масъуллари туман даражасидаги давлат органлари юридик хизматлари фаолиятидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида Президентимизнинг “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўрисида”ги Қарори қабул қилингани, мазкур Қарор билан Марказларнинг мақоми, фаолият тартиби, функция ва вазифалари белгилаб берилгани хусусида сўз юритишди.

Марказ фаолияти хусусида тушунча бериб, асосий йўналишлари юридик хизмат кўрсатиладиган давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, давлат ташкилотларига сифатли ва малакали юридик ёрдам кўрсатиш, давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, давлат ташкилотларининг мулкий ҳамда бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўз вақтида, ҳар томонлама ва самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, давлат ташкилотлари томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларнинг қонуний ҳамда ҳар томонлама пухта ва сифатли бўлишини таъминлашдан иборат эканлигини эътироф этишди.

Шунингдек, йиғилиш давомида юридик хизмат марказларининг вазифалари, хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар билан ўзаро муносабатлар, яъни “E-huquqshunos” электрон тизими орқали ҳужжатлар алмашинуви ҳақида тушунтириш берилди.

Электрон тизимга ички буйруқ, шартномалар ва бошқа юридик тусдаги ҳужжатларнинг намуналарини киритиш ҳамда мавжуд ҳужжатлар лойиҳалари намуналаридан эркин фойдаланиш, электрон тизимдан фойдаланувчи ташкилотлар томонидан шахсий кабинетга кириш, ҳар қандай ҳужжат лойиҳаси ва унга таҳлилий материалларни тайёрлаш, қайта ишлаш ва хулоса олиш учун марказларга юбориш кабилар киритилган.

Марказларнинг масъул ходимлари томонидан тегишли хулоса тайёрлаш, ҳужжатларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаган ҳолда, электрон тизимга бириктириш ҳамда ўзаро ҳужжат алмашиш, электрон тизимдан фойдаланувчи ташкилотлар томонидан марказлардан ижобий хулоса олинганидан сўнг такрорланмайдиган махсус рақам бериш ва электрон тарзда қабул қилиш ҳамда ушбу ҳужжатларни автоматик тарзда изчил кетма-кетликда рақамлаш кабилар амалга оширилади.

Ўрнатилган тартибга кўра марказлар томонидан юридик хизмат кўрсатилиши белгиланган ташкилотлар томонидан марказлар билан келишилмаган ҳолда юридик тусдаги ҳужжатлар қабул қилинишига йўл қўйилмайди. Бундай ҳужжатлар юридик кучга эга эмас ҳамда улар қабул қилинган пайтдан эътиборан ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди. Хулоса қилиб айтганда фаолият Юридик хизмат кўрсатиш марказлари тўғрисидаги Низомга асосланиб амалга оширилади.

Марказ масъуллари иштирокчилар томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар беришди.

Н.Жуманиёзова, туман Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи.