Одатда биз чор-атрофимизга назаримиз тушганида кўз ўнгимиздаги манзаралар худди аввал ҳам мавжуд бўлгандек, дунё шундай яралгандек, шу зайлда давом этаверадигандек туюлади. Бироқ бирон сабаб беш, ўн йил, ундан кўпроқ вақт олдинги ҳаётимиз ҳақида ўйласак, ўзгаришлар бисёрлигини, турмушимиз тобора обод бўлиб, енгиллашиб бораётганини кўрамиз, узоғимизни яқин қиладиган транспортларнинг, ишхонамизда меҳнат жарёнида фойдаланадиган технологияларнинг, оиламиздаги қулайликларнинг фарқи, афзалликларини шундагина ҳис қиламиз.
Орамизда шундай одамлар борки, уларнинг меҳнати маҳсули умум манфаатига, юрт равнақига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади, буни эл-улус ҳурмат-эҳтиром билан эътироф этади.
Қипчоқ овулида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси, доимо раҳбарлик лавозимларида ишласада, элдошларидан ўзини юқори тутмаган, эл ташвиши билан яшаган Қосим оға Наметов ана шундай одамлар тоифасидан.
У 11-сонли мактабни тамомлаб, Тошкент Политехника институтига ўқишга кириб, автотрактор ва қишлоқ хўжалик машиналари инженер-механиги мутахассислигига эга бўлди. Меҳнат фаолиятини собиқ Энгельс номли (ҳозирги Қипчоқ ММТП) хўжаликда техника хавфсизлиги бўйича инженерликдан бошлади. Ҳарбий хизмат бурчини ўтаб қайтгач, хўжалик раиси ўринбосари, туман қишлоқ хўжалик техникалари таъминоти ва фойдаланиш корхонаси бошқарувчи директори вазифаларини адо этди. Айнан шу вазифаларда ишлаган даврларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш жараёнида одамларнинг қўл меҳнати жуда заҳматли эканлигини сидқидилдан ҳис қилиб, имкон қадар енгиллаштиришга интилди. Шу ниятда пахта ва бошқа-да қишлоқ хўжалик экинларини суғоришдан сўнг бегона ўтлар босиб кетишига, бунга қарши кўп қўл кучи сарфланишига чек қўйиш мақсадида культиватор ишчи органига қўшимча агрегат ясади. Агрегат пахта эгатидаги кўчатга яқин бориб тагини юмшатар, бу билан ёввойи ўтлардан тозалар ва эгат устидаги унумдор тупроқ пастга тушиб, кўчатнинг яхши ривожланишини таъминлар эди. "Ротацион культиватор иш органи”ни 1982 йилда собиқ иттифоқ ихтиро ва кашфиётлар қўмитаси қўллаб-қувватлади ва "Ихтиро муаллифи” гувоҳномасини берди. Кейинчалик пахта териш машиналари пахтани нам, қиров тушган вақтларда ҳам тера оладиган қилиб мукаммаллаштириш устида иш олиб борди ва иккинчи бор ихтиро муаллифи бўлди.
Қосим оға Наметов райиж-роқўм раиси, собиқ Қипчоқ совхози директори вазифаларида ишлаган даврларида, пахта яккаҳокимлиги энг авж олган йилларда бу нотўғри сиёсат халқимизнинг нечоғлик тинкасини қуритиб, қийнаб келаётганини чуқур ҳис қилиб, уларга мадад бўлишга интилиб яшади. Хўжалик ҳисобидан уй-жойларга муҳтожлиги бор 200 тадан зиёд оилалар учун уй-жой қурилишига эришди. Йўлларни асфальтлаш, маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилишини амалга ошириш учун елиб-югурди. Қишлоқ хўжалик экинларини зарарли дориларсиз биологик ҳимоя қилишга эътиборни кучайтирди. У раҳбарлик қилган улкан хўжалик экинзорлари зараркунандаларга қарши биомаҳсулотлар билан кураш бошланган туманнинг илк ҳудудларидан эди.
Қосим Наметов ўзига қандай вазифа топширилмасин, виждонан, шаънига доғ туширмай ишлашга интилди, уддасидан чиқди. Жамоадошлари кўнглига йўл топиб, уларнинг қувончларига ҳам, ташвишларига ҳам шерик бўлиб ишлади.
Элни сийлаганни – эл сийлайди, деганларидай табиатан камтар, юзларидан нур ёғилиб турадиган, қувноқ, ҳар қандай вазиятларда ҳам оддий меҳнаткашларнинг сўзларини тинглаб, улар билан ҳамнафас бўлиб яшаган Қосим оға Наметов ҳам элда азиз, эъзозли инсонларнинг бири. У турмуш ўртоғи, 40 йил 11-сонли мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаб нафақага чиққан Холжон Қурбонбоева билан бирга беш ўғил, бир қизни одоб-икромли қилиб вояга етказишди, ўқитиб, касб-корли қилишди. Ҳозир 19 нафар неваранинг бобоси.
Инсоннинг баркамоллиги ва жамиятдаги тутган ўрни оила тарбияси, у камол топган ижтимоий муҳитдан қувват олади. Тарбия қанчалик мукаммал бўлса, фарзандлар шунчалик жисмонан соғлом, руҳан тетик, маънавий етук бўлиб вояга етади.
Шунинг учун бугун Қосим оға ва аёли Холжон опа фарзандлар камолидан қувониб, шукрона билан яшашмоқда, невараларининг ҳам муносиб ўринбосарлар бўлиб етишишларига интилмоқда.
– Оила ҳам кичик Ватан, – дейди оға кулиб. – Ундаги соғлом муҳит, ижтимоий адолат, бир-бировга меҳр-оқибат шу Ватан фуқаролари характерида акс этиб туради. Демак, соғлом фарзанд камолга етказишни истаган ота-она аввало оиласида соғлом муҳитни шакллантириши керак.
Умр бўйи эл ташвиши билан яшаб, ўзи ҳам улардай турмуш кечирган камтарин ва ғамхўр инсон Қосим оғанинг суҳбатидан одам ҳеч зерикмайди. Ҳар бир сўзидан ҳикмат топади. Элда азиз бўлганининг боиси ҳам шундандир, эҳтимол?
Ойгул РАЖАБОВА,
Суратда: Қ.Наметов
неваралари билан.
М.Шомуродов олган сурат.
amunews.uz дан олинди