«ХАЛҚ БАНКИ» ПЕНСИОНЕРЛАР ХИЗМАТИДА

Туман янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 мартдаги "Пенсиялар ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш  мақсадида «Халқ банки» бошқаруви томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва шунга мувофиқ банкнинг туман филиалида пенсия ва нафақа пулларини тарқатиш бўйича қўшимча равишда 22 нафар ходимлар ишга қабул қилинди. Шунинг 8 нафари кассир ва 8 нафари бухгалтер-назоратчи ходимлардир.

Нақд пулларни сайёр кассаларга ўз вақтида етказилишини таъминлаш учун банкка 3 та "Дамас” русумли махсус автомашиналар ажратилди.

Жойларда туман ҳокимлиги, фуқаролар йиғинлари ва пенсия жамғармаси билан ҳамкорликда Президент Қарорининг ижросини таъминлаш бўйича семинарлар ташкил қилиниб, тушунтириш ишлари олиб борилди. Пенсия ва нафақа тўловларини амалга ошириш бўйича аҳоли учун қулай жойлар танланиб, тарқатиш кунлари бўйича жадваллар ишлаб чиқилиб, кўринарли жойларга осиб қўйилди.

Пенсионерларга янада қулайликлар яратиш мақсадида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биносида банк томонидан махсус стендлар тайёрланиб, фуқароларга кўринарли жойларга жойлаштирилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида айтилган Қарори нусхаси, пенсия пулини олиш учун керак бўладиган ҳужжатлар тўғрисида эслатма, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлинмаси томонидан тасдиқланган пул тўланиши белгиланган кунлар кўрсатилган жадвал, банкнинг маҳаллага бириктирилган масъул ходимларининг телефон рақамлари ҳамда Ишонч телефонлари тўғрисида маълумотлар кўрсатилган.

Туманимиздаги жами пенсионерларнинг 13291 нафари пенсияларини нақд пулда олишади. Уларнинг пенсия пулларини олишларига қулай шароитлар яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Пенсия маблағларининг тарқатилиши жараёнида пайдо бўладиган муаммо ва шикоятларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида қисқа рақамли «Ишонч телефони» ташкил этилди. Фуқаролар унга қўнғироқ қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиши, шикоят ва таклифлар билан мурожаат қилишлари мумкин.

Шоҳида СОДИҚОВА, "Халқ банки” туман филиали бошқарувчиси.