Ўзбекистон ёшлар иттифоқи: навқирон авлод манфаатларини ҳимоя қилишнинг янги тизими

Бугун мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи улкан бунёдкорлик салоҳиятига эга ёшлардан иборат. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши ҳамда 30 июнь — Ёшлар куни сифатида эълон қилиниши йигит-қизларимиз ҳаётида унутилмас воқеага айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев билан суҳбатимиз янги ташкилот олдида турган вазифалар, келажагимиз ворислари учун яратиб берилаётган кенг кўламли имкониятлар ҳақида бўлди.
— Ўзбекистон ёшлар иттифоқига катта ваколатлар берилди. Сиз ушбу ташкилот раҳбари сифатида айни пайтда мамлакат Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси ҳамсиз. Бу йигит-қизларимиз фаолиятига қандай таъсир кўрсатади?
— Давлатимиз раҳбари ёшлар муаммоларини ўзининг шахсий муаммоси сифатида қабул қилади, уларни юрагидан ўтказиб, ҳал этиш учун барча чора-тадбирни кўради. Шу сабабли ҳам Иттифоқнинг бирор-бир ходими ўзини амалдор ҳис қилмаслиги керак. Улар навқирон авлод вакилларини ўз ортидан эргаштира оладиган, муаммоларини ечиш орқали йигит-қизларимизнинг ҳам дўсти, ҳам ёрдамчиси бўлган етакчилардир.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг Президент ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси, Олий Мажлис Сенатининг аъзоси этиб тайинланиши, ҳудудий кенгашлар раислари тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланиши ҳамда мақоми бўйича уларнинг биринчи ўринбосарларига тенглаштирилиши амалда ёшлар масалаларини ҳокимиятнинг олий органлари муҳокамасига олиб чиқиш имконини беради. Яъни шундай тизим яратилаяптики, йигит-қизларимизга туман, шаҳар ва вилоят даражасида ёрдам кўрсатиш мумкин бўлмаса, масалани Президент девони, Олий Мажлис Сенати даражасида ҳал қиламиз.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ёшлар билан мулоқоти ҳам самарали тус олади. Энг муҳими, бундай учрашувлар расмиятчиликдан холи тарзда, очиқ ва ошкора ўтказилади. Бунда ёшларимиз эмин-эркин фикр билдиришади, ўз саволларига жавоб топишади. Таълим тизимида ёшлар билан Бош вазир, олий ва ўрта махсус ҳамда халқ таълими вазирлари, ёшлар тадбиркорлиги ва фермерликни қўллаб-қувватлаш билан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Бош вазир ўринбосари ҳамда Савдо-саноат палатаси раиси, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш билан Президентнинг Давлат маслаҳатчиси ва маданият вазири доимий иш олиб бориши белгиланди. Бунга кўра, ҳар бир мурожаат ҳукумат диққат-эътиборида бўлади. Қисқача айтганда, Иттифоқ “Ёшлар — келажак бунёдкори” шиори остида профессионал фаолият олиб борувчи тузилмага айланади.
— Бугунги ўғил-қизлар — бўлажак мутахассислар. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи давлат ва жамият учун раҳбар кадрлар тайёрлаб берадиган ўзига хос марказ бўлиши лозимлигини таъкидлади.
— Замонавий таъбир билан айтганда, ташкилотимиз ёшлар учун “социал лифт” вазифасини бажариши керак. Бугун мамлакат ҳаётининг барча жабҳасида жадал ўзгаришлар жараёни кечаяпти. Давр билан ҳамнафас, керак бўлса, замондан бир қадам олдинда юриш учун кенг дунёқараш, теран тафаккур лозим. Йигит-қизларимизда бундай фазилат мавжуд. Агар улар билан тўғри иш олиб борилса, шак-шубҳасиз, ёшлар эртанги тараққиётимизнинг асосий ижодкорлари бўлишади. Фарзандларимизнинг улкан салоҳиятидан унумли фойдаланиш катта ижтимоий аҳамият касб этади. Айниқса, давлат бошқарувига Ватанга садоқатли, келажакка дахлдор ёшларнинг жалб қилиниши янги марралар сари йўл очади, илғор ёндашувларни юзага чиқаради, жамият ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади.
Шу маънода айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташкил этилиши мақсадга мувофиқ. Бу институт нафақат билимли, ташаббускор ва ташкилотчи кадрлар захирасини, балки ёшлар муаммоларини ўрганишнинг яхлит тизимини яратади. Демак, юқорида айтилганидек, йигит-қизларни қийнаётган муаммолар нафақат жойида ҳал этилади, балки улар илмий асосланган тарзда ўрганилади, мониторинг қилинади ва келгусида бундай муаммоларга жамиятимизда бутунлай барҳам бериш имконияти пайдо бўлади. Бугун ташаббуслари давлат даражасида қўллаб-қувватланадиган истиқболли ёшлар даври келди, деб баралла айта оламиз.
— Ёшлар тадбиркорлиги — иқтисодиётнинг жадал ривожланаётган соҳаларидан бири. Ёшлар иттифоқининг ҳам ушбу йўналишни ривожлантириш, йигит-қизларимизни иш билан таъминлаш учун шарт-шароит яратиш ва улар бандлиги ҳолатини таҳлил қилиш бўйича ўз режалари бордир?
— Ҳозир дунёда тахминан 300 миллион нафар 18 — 30 ёшдаги кишилар ёки доимий ёхуд умуман иш жойига эга эмас. Уларнинг 20 фоизи ўз бизнесини йўлга қўйиш қобилиятига эга бўлса-да, турли омиллар туфайли, бор-йўғи, беш фоизи бундай имкониятини рўёбга чиқараяпти. Юртимизда иш ўринларининг 80 фоиздан ортиғи айнан нодавлат секторда яратилаётгани диққатга сазовордир.
Йигит-қизларимиз Президентимиз Фармонида ёш тадбиркорларга берилган имтиёзлардан самарали фойдаланишлари мумкин. Бу улар учун ўз бизнесини ташкил қилиш ва ривожлантириш борасида катта имкониятдир.
Шуни чуқур англаб етишимиз керакки, агар ёшлар иш билан банд қилинмаса, бу нафақат уларнинг ўзи, оиласи, яқинлари, балки давлат ва жамият учун ҳам муаммога айланади. Тадбиркор ёшлар, айниқса, қизларнинг касаначилик билан банд бўлиши учун қулай шароит яратиб бериш, бу борада бўш турган объектлардан имтиёзли шартлар асосида жой ажратиш, ёш ҳунармандларга хом ашё сотиб олишлари учун кредит бериш, ўз бизнесини бошлаган ёш тадбиркорлар томонидан Пенсия жамғармасига тўланадиган суғурта бадалини олинган кредитларни қоплашга йўналтириш ва бошқалар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг энг муҳим вазифаларидандир. Бу борада янги имкониятлар яратиш мақсадида ҳар бир туман марказида, шаҳарда Ёшлар тадбиркорлик кластерлари ташкил этилаётгани, айниқса, муҳим аҳамият касб этади.
— Президентимиз ёшлар ташкилотининг IV қурултойида уюшмаган ёшлар билан ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди...
— Бу борадаги илк тадбиримиз шу йилнинг август ойида бўлиб ўтади. Бир қатор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уюшмаган ёшлар муаммолари, уларни ҳал қилиш йўлларига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказишни режалаштираяпмиз.
Шуни айтиш керакки, айни кунда мамлакатимиз бўйлаб 194 та касб-ҳунар коллежи биноси Иттифоққа беғараз берилаяпти. Улар негизида туман ва шаҳарларда ёшлар марказларини ташкил қиламиз. Бу ерда йигит-қизларимиз олти ой давомида касбга бепул ўқитилади, қайта тайёрланади ҳамда ишга жойлаштирилади. Бундай йигит-қизларни молиявий кўмак берган ҳолда тадбиркорлик ва фермерликка жалб қилиш ўз самарасини беради.
Шу билан бирга, Андижон, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида ҳамда пойтахтимизда йирик ёшлар марказлари барпо этилмоқда. Бундай иншоотлар Бухоро, Хоразм, Самарқанд ва Қашқадарёда ҳам ташкил этилади. Уларда турли касбларни ўргатиш ва чет тилларни ўқитиш курслари, спорт секциялари, клублар, замонавий ёшлар кинотеатрлари, кутубхоналар, китоб дўконлари фаолияти йўлга қўйилади. Бу эса эртамиз эгаларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш имконини беради.
Ҳозир давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларида истеъдодли йигит-қизларимизни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш механизми ҳақида бош қотираяпмиз. Шу билан бирга, ёшларга оид давлат сиёсатини олиб бораётган ваколатли органлар фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатамиз, унинг натижалари бўйича чора-тадбирлар кўрамиз.
Юртимизда ишсизларнинг аксарият қисмини коллеж битирувчилари ташкил этмоқда. Масалан, 2016 йили 477 минг 743 нафар йигит-қиз коллежларни битириб чиққан ва уларнинг 438 минг 503 нафари ёки 91,8 фоизи иш билан таъминлангани тўғрисида маълумот берилган. Президентимиз ҳақли саволни ўртага қўйди: “Бу рақамлар қанчалик тўғри? Агар барча коллеж битирувчилари ишга жойлашаётган бўлса, ишсиз ёшлар қаердан пайдо бўлаяпти? Коллеж битирувчилари билан тўрт томонлама шартномаларни номигагина имзолаб, ўзимизни ўзимиз алдамаяпмизми?” Ушбу масалани ёшлар манфаатларини ҳимоя қиладиган ташкилот назоратга олиши айни заруратдир.
Шу маънода, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда “Тарғибот поезди”ни йўлга қўйишни режа қилганмиз. Етакчиларимиз жойларга чиқиб, фақат тарғибот олиб бориш билан чекланмай, уюшмаган ёшларнинг ҳам фикрини ўрганиш, уларни фойдали юмушларга жалб этиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, амалий ишларга рағбатлантириш билан шуғулланади. 
 Қандайдир сабабларга кўра чет элларга кетган ёш фуқароларни эътиборсиз қолдирмаймиз. Уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, Ватанга қайтариб келгусида иш билан таъминланишига кўмаклашиш, маиший турмуш шароитларини ҳал этиш каби масалалар Иттифоқ вазифалари сирасига киради.
— Фармонда ташкилот ҳузурида ёшлар уюшмаларини тузиш ҳам кўзда тутилган. Бу борадаги режаларингиз ҳақида айтиб берсангиз.
— Йил охирига қадар Иттифоқимиз қошида турли йўналишдаги ўттизта уюшма тузилади. Улар ёш авлоднинг у ёки бу соҳадаги манфаатларини ҳимоя қилади. Ҳозирнинг ўзида ёш олимлар, ёш фермерлар, ёш тадбиркорлар, ёш ижодкорлар уюшмалари, шунингдек, Ёшлар нашриёт уйи фаолият юритмоқда. У келажагимиз эгаларига мўлжалланган босма нашрларни бирлаштиради. Халқаро пресс-клуб билан ҳамкорликда Ёшлар пресс-клубини ташкил этишни ҳам мўлжаллаяпмиз, унда телевидение орқали баҳс-мунозаралар эфирга узатилади.
Шунингдек, имконияти чекланган ёшлар уюшмаси, спорт клублари ва фитнес марказлари, кинематография, ёшлар туризми соҳасидаги уюшмаларни ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда.
— Кам таъминланган оилалар вакилларини лойиҳаларга жалб қилиш осон эмас. Бу йўналишда ташкилот қандай йўл тутмоқчи?
— Бугун биз шундай ташкилот тузмоқчимизки, у ёшларнинг манфаатини таълим олишдан то жамиятда ўз ўрнини топиши ва уй-жой билан таъминланишгача бўлган барча соҳада ҳимоя қила олади. Ҳукуматимиз томонидан тақдим этилаётган имкониятлар, имтиёзлар ҳамда давлат мукофотлари билан тақдирлаш — буларнинг ҳаммаси эркин фикрловчи, билимли, ўз кучи ва қобилиятига ишонадиган, давлат ва жамият ривожига ҳисса қўшишни хоҳловчи йигит-қизларни тарбиялашга хизмат қилади. Бундай эътибор ва ғамхўрликдан илҳомланган ёшлар, албатта, бутун ғайрат-шижоатини тараққиёт сари йўналтиради.
— Яқин истиқболда ёшларимиз қиёфасини қандай тасаввур қиласиз?
— Бу замонавий, ўқимишли, интеллектуал ва маънавий баркамол, ғайратли, эркин фикрли ёш фуқаро бўлиб, у ўз феъл-атвори, ахлоқи билан бошқаларга ўрнак бўлади ҳамда ёт ғояларга, “оммавий маданият” хуружларига қарши тура олади. Ватанимиз тақдирини айнан ана шундай йигит-қизларга ишониб топширишни истардик. Аммо бунинг учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи жуда кўп ва хўб ишлаши, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириши зарур. Бу уддалаш мумкин бўлган вазифа. Негаки, мамлакатимиз тараққиётининг янги тарихий босқичида ёшларга оид давлат сиёсатига жуда катта эътибор берилмоқда. 
Вояга етаётган навқирон авлод республикамизнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Бугун унга демократияни мустаҳкамлаш, фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида иштирок этиш имконияти берилмоқда. Йигит-қизлар мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришларга дахлдорликни ҳис қилса ва уларни амалга оширишда фаол қатнашса, ислоҳотлар кутилган муваффақиятларни беради.


Мухбиримиз
Гулбаҳор АЗИМОВА
суҳбатлашди

Манба: xs.uz