ОБОД ВА ФАЙЗЛИ БОЗОРЛАР – ФАРОВОН ТУРМУШ КЎЗГУСИ

Туман янгиликлари

Истиқлол йилларида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби туманимиздаги Манғит деҳқон бозорида ҳам харидорлар ва сотувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, бозор ҳудудини ободонлаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

"Манғит деҳқон бозори” МЧЖга қарашли 1,7 гектар ҳудудда жами 450 та, шу жумладан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотишга мўлжалланган 424 та, озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган 26 та савдо шохобчалари фаолият юритмоқда.

Бундан ташқари, бозор ҳудудидаги 96 та озиқ-овқат дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш шохобчаларида мижозларга сифатли хизмат кўрсатилмоқда.

 

– Ҳозирги кунда ҳудудимизни ободонлаштириш, тозалаш, санитария ҳолатини яхшилаш ишлари олиб борилмоқда.

Ёпиқ бозор фасади, очиқ ҳудудлар таъмирланишига 98 млн. сўмлик маблағ сарфланди. Натижада сотувчилар ва харидорлар учун қулай шароитлар яратилди. Бозор ҳудудида савдо ва санитария қоидаларига риоя қилиниши мутасадди ташкилотлар томонидан белгиланган режага мувофиқ назорат қилиб борилаяпти, – дейди "Манғит деҳқон бозори” МЧЖ раиси Ш.Янгибоев.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 март кунги "2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуаларини қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарорига биноан олиб бориладиган ишлар туфайли бутун мамлакатимиз бозорлари қатори "Манғит деҳқон бозори” ҳам янада замонавий қиёфа касб этиб, сотувчи ҳамда харидорлар учун янада кенг имкониятлар яратилиши сўзсиз.

Суратларда: Деҳқон бозори фаолиятидан лавҳалар.

М.Шомуродов олган суратлар.